Тошкентда ер нархи 9,4 фоизга пасайди
Марказий банк маълумотларига кўра, ўтган йилда кўчмас мулк бозорида фаоллик сезиларли даражада тезлашди. Тўртинчи чоракда олди-сотди битимлари сони 89,7 мингтани ташкил этди ва бу 2024 йилга нисбатан 24,5 фоизга кўп эди. Республика бўйича жами битимлар сони йил бошидан 319,5 мингтага етди (+15,8 фоиз).
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Бухоро (25,6 фоиз), Сирдарё (23,1 фоиз), Самарқанд (19,2 фоиз), Жиззах (17 фоиз) ва Хоразм (16,4 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда Фарғонада ўртача ўсиш 15,5 фоизни ташкил қилди.
Ипотека кредитлари ҳажми 29 фоизга ўсиб, 21,2 трлн. сўмга етди.
Янги турар-жойлар фойдаланишга топширилган майдон 15,9 млн. кв.метрга етди (+7,2 фоиз). Хоразм (36 фоиз), Сурхондарё (6,7 фоиз) ва Фарғона (6,5 фоиз) вилоятлари янги бинолар қурилишида етакчилик қилди.
Бирламчи ва иккиламчи кўп қаватли уй бозорларида нархлар долларда мос равишда 5,7 фоиз ва 7,9 фоизга ўсди, сўмда эса йиллик ўзгариш -1,3 фоиз ва 0,7 фоизни ташкил қилди. Ижара нархлари йил якунида долларда 8,3 фоизга ўсди, сўмда эса деярли ўзгаришсиз қолди.
Тошкент шаҳрида 100 кв.метр (1 сотих) ернинг нархи декабрь ойида 319 млн. сўмни ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 9,4 фоизга пасайди. Марказий банк буни шаҳарнинг чекка ҳудудларида ер таклифи ошиши (22 фоиз) ва марказда қисқариши (-13 фоиз) билан изоҳлади.
Ш.Маматуропова, ЎзА