Исломий банкчилик Ўзбекистон молия тизимига нималарни олиб киради?
Ҳозирда мамлакатимизда молия бозорини халқаро стандартларга мослаштириш ва аҳоли ҳамда бизнес эгалари учун муқобил молиявий хизматларни кенгайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу жараёнда исломий молия тизимини жорий этиш масаласи муҳим аҳамият касб этди.
2026 йил 27 мартда қабул қилинган ЎРҚ–1126-сонли қонун айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат нафақат янги молиявий тизимларни жорий этади, балки фоизсиз молиялаштириш тамойилларига асосланган мутлақо янги ёндашувни миллий қонунчиликка олиб кирди.
Бу ислоҳотнинг долзарблигини бир нечта омиллар билан изоҳлаш мумкин. Аҳолининг маълум қисми анъанавий фоизли банк хизматларидан фойдаланишни истамайди. Глобал миқёсда исломий молия бозори жадал ўсиб бораётган бўлиб, ундаги инвестиция ҳажми триллионлаб долларга етган. Шу нуқтаи назардан, янги Қонун Ўзбекистон молия тизимини ўзгартиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий қадам сифатида баҳолаш мумкин.
Қонунга мувофиқ, исломия молия операциялари қатор янги молиялаштириш шаклларини ўз ичига олади. Булар фойдани тақсимлаш, шерикчилик, насия савдо, олдиндан тўлов, ижара ва вакиллик асосидаги битимлардам иборат.
Лицензиялаш тизимининг жорий этилиши ва унинг қатъий талаблари бозор иштирокчилари учун тенг ва шаффоф шароит яратади. Шу билан бирга, Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгашининг ташкил этилиши тизимнинг шариат талабларига мувофиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
Солиқ сиёсатидаги енгилликлар эса бозор иштирокчиларини рағбатлантиришга қаратилган. Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар, айрим ҳолларда солиқдан озод қилиш каби чоралар исломий молия хизматларини иқтисодий жиҳатдан рақобатбардош қилади.
Умуман олганда, қонун Ўзбекистон иқтисодиётида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Бу орқали мамлакат молия тизимида муқобил ва инновацион йўналиш ҳисобланган исломий банкчилик институти шаклланмоқда.
Келгусида мазкур тизимнинг тўлиқ ишга тушиши бир қатор ижобий натижаларни таъминлаши кутилмоқда: молиявий хизматлар қамровининг кенгайиши, хорижий инвестициялар оқимининг ортиши, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашнинг кучайиши ҳамда молия бозорида рақобат муҳитининг янада ривожланиши.
Шу билан бирга, исломий молияни самарали жорий этиш учун амалий механизмларни такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва аҳоли ўртасида молиявий саводхонликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА