Қонун ва амалиёт уйғунлиги
Оқолтин туманида меҳнат қонунчилиги ижросини таъминлаш, айниқса, таътилларни расмийлаштиришда учраётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбир туман юридик хизмат кўрсатиш маркази ташаббуси билан ўтказилди.
Унда тумандаги 18 та умумий ўрта таълим мактаби ҳамда 11 та давлат мактабгача таълим ташкилотларининг кадрлар бўйича масъул ходимлари иштирок этди. Бу эса масаланинг долзарблиги ва унинг таълим муассасалари фаолиятида тутган ўрнини яққол намоён этди.
Семинарда меҳнат қонунчилигида белгиланган таътил турлари, уларни бериш ва расмийлаштириш тартиби, шунингдек, таътил даврида ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан қонун нормалари ҳаётий мисоллар билан изоҳланиб, иштирокчилар учун тушунарли ва амалий тарзда етказилди.
Айниқса, айрим тоифадаги ходимларга бериладиган узайтирилган ҳамда ижтимоий таътилларни қўллаш амалиётига алоҳида эътибор қаратилди.
– Биламизки, меҳнат қонунчилигида таътил масалалари энг кўп мурожаат қилинадиган йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис, ушбу семинар-тренингни ташкил этишдан асосий мақсад кадрлар бўйича масъул ходимларни қонун нормаларини тўғри қўллаш, таътил турларини расмийлаштириш ва иш ҳақини ҳисоблашда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларнинг олдини олишга ўргатишдир.
Айниқса, амалиётда учраётган камчиликларни биргаликда муҳокама қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш биз учун муҳим йўналиш ҳисобланади. Чунки ҳар бир хатолик охир-оқибат ходимнинг ҳуқуқларига таъсир қилиши мумкин.
[gallery-29082]
Шу маънода, бу каби ўқув-семинарлар нафақат ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлайди, балки тизимда ягона амалиётни шакллантиришга ҳам хизмат қилади, – дейди туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Элёр Матжонов.
Муҳими, ўтказилган семинар-тренинг давомида амалиётда учраётган камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, жонли мулоқот муҳити шаклланиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди. Бу эса семинарнинг амалий аҳамиятини янада оширди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА