Тиббий кўрикдан аҳоли мамнун
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Тахиатош туман кенгаши ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Доктор Максудова инновацион клиникасининг Беруний филиали малакали мутахассислари томонидан “Кўриш бахти” лойиҳаси доирасида чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Ўтказилган тадбирда кўз касалликларини эрта аниқлаш ва профилактика қилиш кўзда тутилган бўлиб, малакали шифокор Мурод Девонов ва ҳамширалар иштирокида аҳолига самарали текширув натижалари тақдим этилди.
Бугунги кунда ҳаёт тарзи ва иш фаолиятининг экранлар билан боғлиқлиги кўз касалликлари ҳамда кўрув функциясининг сусайишига олиб келмоқда. Шу боис касалликларнинг эрта босқичда аниқланиши аҳолида жарроҳлик амалиётига ҳожат қолдирмасдан, халқимиз кўз соғлиғини асраш имкони яратилади.

Кун давомида 150 нафардан ортиқ аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, шифокорлар томонидан тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, аҳолига соғлиқни асраш ва профилактика бўйича амалий маслаҳатлар беришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Тахиатош туман кенгаши масъул ходимлари ва халқ депутатлари Тахиатош туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА