МИБ: сайёр судда алиментчи оталарга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди
МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Д.Бобохонов бюронинг Денов ҳамда Сариосиё туманлари бўлимларида сайёр қабул ўтказди.
Аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотни янада кучайтириб, фуқароларни қийнаётган муаммоларга жойида тезкор ечим топиш мақсадида ташкил этилган қабулда 35 нафар жисмоний ва юридик шахс вакилларининг мурожаатлари тингланди. Унда ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, масъул ходимларга уларни қисқа муддатларда ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқ берилди.

Очиқ мулоқотда суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси билан боғлиқ алимент тўловлари, қарз ундириш, мол-мулкни қайтариш каби масалалар ўртага ташланди.
Денов туманида ўтказилган сайёр қабулда алимент масаласида мурожаат этган учта оила ўзаро яраштирилиб, уларнинг оилавий муносабатлари қайта тикланди. Мурожаатчи Лобар Ботированинг икки нафар фарзанди учун тўланиши лозим бўлган бир йиллик алимент қарздорлиги тўлиқ ундирилиб, болалар манфаатлари таъминланди.
Қабул жараёнида қўшимча ўрганишни талаб этган мурожаатлар МИБ вилоят бошқармаси иш юритувига олиниб, алоҳида назорат ўрнатилди.
Алимент билан боғлиқ мурожаатларни жойида ҳал этиш учун шу куни Денов туман бўлимида сайёр суд ташкил этилиб, 12 нафар алимент тўловчи қарздорнинг иши кўриб чиқилди.

Суд жараёнида бир оила вакиллари ўзаро яраштирилди. Уч нафар алимент олувчи фойдасига 58 миллион сўм алимент қарздорлиги ундириб берилди. 9 нафар қарздорга нисбатан суд қарорига асосан 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, Сариосиё туманида ташкил этилган сайёр қабулда ҳам мурожаатчиларни ўйлантираётган масалалар атрофлича ўрганилиб, муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Очиқ мулоқот ҳудудларда аҳоли муаммоларини ўз вақтида ва самарали ҳал этиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда жамиятда адолат ва қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА