Жанубда ғалла ўрим-йиғимига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда
Сурхондарё вилоятида жорий йил ҳосили учун ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик ишлари бошланди.
Бошоқли дон етиштиришда қулай иқлим ва бой тажрибага эга воҳа ғаллакорлари бу йил 90 минг гектардан ортиқ майдонда майса парваришлаб, мўл ҳосил тўпламоқда. Ғалла майдонларидаги майсалар баравж ривожланиб, бўлиқ бошоқлар ҳосил қилаётир. Баҳор об-ҳавосининг мўътадил келгани ғаллазорларда ҳосилнинг тез пишиб етилишига пухта замин яратмоқда. Шу боис ўрим-йиғимга ҳозирлик кўриш ишларига ҳам эртароқ киришилди.
Бандихон туманида 169 та фермер хўжалиги ўтган йил куз фаслида тўрт минг гектардан зиёд майдонга маҳаллий иқлимга мос ва эртапишар ғалла уруғларини сепиб бир текис ундириб олган эди. Тажрибали деҳқонлар маслаҳати ва синалган агротехник усуллар ёрдамида парваришланган ғаллазорларда салмоқли ҳосил тўпланмоқда. Ризқ-рўзимиз, дастурхонларимиз файзи бўлган донни қисқа муддатларда йиғиштириб олишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Туманда бўлиб ўтган кўргазмали семинарда ана шу масалалар муҳокама этилди.
Мавсумга масъул ўрим отрядлари мутасаддилари, соҳа мутахассислари, ғаллачилик кластери, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда туман ҳокими Абдумалик Алламуродов ғаллакорларнинг унумли меҳнати билан мўл ҳосил етиштирилаётганини таъкидлаб, уни исроф қилмай йиғиштириб олиш хусусида атрофлича сўз юритди. Ўрим комбайнлари шайлиги ва механизаторларга яратилган шароитлар билан танишди.
Ғалла ўрим-йиғимини тез ва сифатли амалга ошириш учун туманда олтита махсус отряд тузилиб, 11 та замонавий комбайн, донни ўз вақтида қабул шохобчаларига ташиш учун 50 га яқин техника шай ҳолатга келтирилган. Механизаторлар учун қулай шароитга эга дам олиш масканлари барпо этилган. Етарли эҳтиёт қисмлар ва ёқилғи захираси яратилиб, механизаторларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш чоралари кўрилган.

Вилоятнинг Ангор туманида ғалла ўрим-йиғим мавсумига тайёргарлик жараёнларини ўрганишга бағишланган амалий семинарда туман ҳокими Қосим Мардонов мавсумга жалб этиладиган техникалар, шу жумладан, комбайнларнинг техник ҳолати, ўрим-йиғимга тайёргарлик даражаси ва ўрим-йиғимни узлуксиз ташкил этиш масалалари билан танишди. Механизаторларга яратилган шароитлар билан қизиқди. Ёз фасли нисбатан иссиқ келиши кутилаётган йилда катта меҳнат эвазига етиштирилган бошоқли донни нобуд қилмай ўриб-йиғиб олиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Бу йил ангорлик ғаллакорлар олти минг гектардан ортиқ майдонда бошоқли дон етиштирмоқда. Ҳосилни қисқа муддатларда сифатли йиғиб олиш учун 24 та комбайн, 200 дан ортиқ юк ташиш техникаси жалб этилади.

Маълумотларга кўра, вилоятнинг бошқа туманларида ҳам етиштирилган бошоқли донни ўриб-йиғиб олишга тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Бу йил воҳа ғаллакорлари гектарлар ҳосилдорлигини ўртача 88,6 центнерга етказишни мўлжалламоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА