Термиз туманида ёшлар фестивали ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги “Марварид” дам олиш масканида “Ёшлар фестивали” ўтказилди.
Фестиваль доирасида турли спорт мусобақалари, маданий тадбирлар, “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда ош танловлари ташкил этилди. Шунингдек, аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва ёшларда китоб ўқишга қизиқишни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилди.
Кўргазма майдонларида туманларнинг ўзига хос урф-одатлари, ҳунармандчилик намуналари ва миллий анъаналари намойиш этилди. Ош сайлида халқимизнинг меҳмондўстлик ва ҳамжиҳатлик фазилатлари ўз ифодасини топди. Миллий либослар кўргазмаси орқали ёшлар аждодлардан мерос бўлиб келаётган қадриятлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
[gallery-28527]
Мазкур тадбир ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг спорт, санъат, китобхонлик ҳамда миллий қадриятларга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА