“Сўнгги қўнғироқ”да орзулар қанот ёзди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Сурхондарё вилоятидаги мингдан ортиқ таълим муассасасида ҳам “Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори!” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Мустақил ҳаётга илк қадам ташлаётган ўқувчи-ёшларнинг қадрдон мактаблари билан хайрлашув маросимларида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳаллалар фаоллари, нуронийлар, битирувчи ўғил-қизлар қатнашди.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманидаги 66-умумтаълим мактабида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида иштирок этиб, Президентимизнинг мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригини ўқиб, эшиттирди. Шунингдек, вилоятнинг таълим муассасаларида ўқувчиларга яратилаётган шароитлар ва ўқувчи-ёшлар қўлга киритаётган ютуқлар ҳақида атрофлича сўз юритди.

Бу йил тумандаги 66-мактабда 490 дан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олди. Уларнинг 38 нафари тўққизинчи, 25 нафари 11-синфини муваффақиятли битирмоқда. Таълим муассасасида ўқувчиларнинг чуқур билим олиши ва устозларнинг фан сирларини янада мукаммал ўргатиши учун барча шароит яратилган. Кенг, шинам синфхоналар, лабораториялар замонавий усулда жиҳозланган.

Якунланаётган ўқув йилида вилоятдаги мактабларнинг 9-синфини 48 минг 400 дан ортиқ, 11-синфини 37 минг 790 га яқин ўқувчи тугатмоқда. 11-синф битирувчиларининг 325 нафари олтин, 86 нафари кумуш медаль билан мактабни битирмоқда. 300 нафар ўқувчи муддатидан олдин олий таълим муассасалари талабаси бўлиш имкониятини қўлга киритди. Соҳада амалга оширилган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи кейинги олти йилда 12 фоиздан 39 фоизга ошди. Ўқувчилар нуфузли фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, вилоят терма жамоасининг умумреспублика рейтингидаги ўрни сезиларли даражада яхшиланди. Мамлакатимиз миқёсида 14-ўриндан 4-ўринга кўтарилди. Жумладан, шу йилнинг 6-7 май кунлари Тошкент шаҳрида тарих фани бўйича ўтказилган нуфузли олимпиадада Музработ тумани ихтисослаштирилган мактабининг 10-синф ўқувчиси Асилбек Қаюмов фахрли биринчи ўринни эгаллаб, олтин медаль билан тақдирланди. ДХХ Чегара қўшинлари академик лицейи ўқувчиси Меҳриддин Фазлиддинов 2-ўринни қўлга киритиб, кумуш медаль соҳиби бўлди. 6-7 май кунлари Грецияда ўтказилган 43-Болқон математика олимпиадасида Термиз шаҳридаги 14-мактабнинг 10-синф ўқувчилари Жавоҳир Анваров ва Элшод Ўралов дунёдаги тенгдошларига мамлакатимизда таълим тизимига кўрсатилаётган юксак эътиборни намойиш этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Олтин медални қўлга киритди. Элшод Ўраловнинг 21 май куни Тошкент Халқаро математика олимпиадасида олтин медаль билан тақдирланиб, юқори натижани эгаллагани воҳа аҳлига яна бир қувонч улашди.

Жорий ўқув йилини вилоятдаги педагоглар ҳам янада бой ютуқлар билан якунламоқда. Масалан, “Ёш китобхон” танловининг мамлакат босқичида Узун туманидаги 34-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Фазилат Диёрова фахрли биринчи ўринни эгаллаб, Президентимиз совғаси – “BYD Chazor” электромобили билан тақдирланди.


Воҳадаги умумтаълим мактабларида бўлиб ўтган тантанали тадбирларда 2025-2026 ўқув йилида намунали хулқи ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар муносиб тақдирланди. “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она” каби номинациялар соҳибу соҳибаларига миннатдорлик хатлари, эсдалик совғалар топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири