Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори
Навоий вилоятидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида “Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди. Байрам тадбирларида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси раҳбарияти иштирок этиб, мамлакатимизда ёшларни, жумладан, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, жорий йилда Навоий вилоятидаги махсус мактаб-интернатларни жами 47 нафар битирувчи тамомламоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг 5 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Бу эса ёшларнинг билим олишга бўлган интилиши ва яратилган имкониятларнинг амалий натижасидир.

– Бу йил мактабни тугатмоқдаман, жуда ҳаяжондаман, – дейди Навоий шаҳридаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернати ўқувчиси Ҳумора Жўрақулова. – Ўтган вақт давомида тегишли миллий даражадаги сертификатларни қўлга киритиб, муддатидан олдин талабалик бахтига муяссар бўлдим. Барча устозларимга миннатдорлик билдираман. Келгусида юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаман, деб барчани ишонтираман ва бу йўлда изланиш ва билим олишдан тўхтамайман.

Тадбирлар давомида ўқувчилар томонидан тайёрланган шеърлар, қўшиқлар, саҳна кўринишлари ва бадиий чиқишлар йиғилганларга байрамона кайфият улашди. Шунингдек, таълим-тарбия жараёнида фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ педагоглар ҳамда ота-оналарга миннатдорлик билдирилди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири