Тергов судьялари учун халқаро семинар
Хива шаҳрида Олий суд ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти(ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоят судларининг тергов судьялари учун семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад мамлакатимизда фаолият юритаётган тергов судьяларининг фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги касбий малакаси ҳамда амалий кўникмаларини янада ошириш бўлди.
Семинарда иштирокчилар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган стандартлар билан яқиндан таништирилди. Хусусан, малакали хорижий тренерлар К.Фенц ва Р.Винтер томонидан Австрия ҳамда Франция давлатларининг жиноят-процессуал ҳуқуқи соҳасидаги илғор тажрибаси, шунингдек, тегишли суд прецедентлари ҳақида маълумот берилди.
– Икки кунлик тренинг жуда мазмунли ва фойдали бўлди, – дейди тергов судьяси Дилдора Пўлатова. – Унда асосий эътибор фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, айниқса, суд жараёнида қонунийликни сақлаш масалаларига қаратилди. Машғулотлар давомида биз нафақат назарий билимлар олдик, балки турли тестлар орқали амалий куникмаларимиз ҳам мустаҳкамланди. Халқаро экспертлар томонидан тақдим этилган тажриба, айниқса, европа давлатлари амалиёти биз учун жуда қизиқ ва фойдали бўлди.
[gallery-29105]
Тадбир давомида далиллар билан ишлаш, уларни баҳолашда қонунийлик ва холисликка риоя этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, тергов судьяси қарорининг қонунийлиги ва асослилигига қўйиладиган талаблар, уларни амалда таъминлаш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Семинар амалий машғулот тарзида гуруҳларда давом этиб, судьялар берилган масалаларни аниқ кейслар асосида таҳлил қилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари