Институтда “Талабалар баҳори” фестивали ўтказилди
Андижон давлат чет тиллари институтида “Пайшанба – ёшлар куни” доирасида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқариш мақсадида “Талабалар баҳори” фестивали бўлиб ўтди.
Фестивалнинг очилишида институт ректори, профессор Дилшодбек Рустамов ва бошқалар юртимиз ёшларига кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Фестиваль тадбирлари “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Жонибек Давронов иштирокидаги учрашув-мулоқот билан бошланди. Мулоқотда юртимиз ёшлари, хусусан, талабаларга ўз салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, талабалар ана шу имкониятлардан унумли фойдаланишлари муҳим эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш хусусида сўз юритилди. Институтнинг турли ҳудудларида талаба йигит-қизлар ўртасида ош тайёрлаш, қизлар ўртасида баҳорий салатлар тайёрлаш, соч турмаклаш танловлари ўтказилди.

“Рангларда баҳор тасвири” мавзусидаги расмлар танловида талабалар баҳор, гўзал табиат мавзусидаги ҳамда юртимизнинг обод гўшалари акс этган расмлари билан иштирок этиб, ўзларининг тасвирий санъат йўналишидаги иқтидорларини намойиш этди.
Спорт ва саломатликни тарғиб этиш йўналишида факультетлар жамоалари ўртасида ўтказилган миллий ўйинлар – арқон тортиш, тош кўтариш, куч синашиш беллашувлари ҳам иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Саҳнада иқтидорли талабалар томонидан ижро этилган қўшиқлар, ранг-баранг рақслар, ижодкор талабалар иштирокидаги мушоира фестивалга ўзгача руҳ, юқори кўтаринкилик бағишлади.
– Фестиваль тадбирлари жуда мазмунли ва қизиқарли ўтди, – дейди институтнинг 1-босқич талабаси Ҳуснида Абдулбоқиева. – Айниқса, тенгдошларимнинг рақс ижро этиши, шеърларни ифодаги ўқиши кўплаб талабаларда катта таассурот қолдирди. Умуман, ўтказилган тадбирлар талабаларга шижоат, улкан мотивация бериш билан бирга, бизни пухта билим олишга, янада фаол бўлишга ундади.

Талаба ёшларга кўтаринки кайфият улашган фестиваль якунида ўтказилган танлов, спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари, фаол иштирокчилари институт ректорати томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.