Бугунги сармоя тараққиётга ишончдир
Бугунги кунда Бухоро вилоятида таълим соҳасини тубдан янгилаш, ёш авлод учун замонавий ва муносиб шарт-шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда жами 215 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 140 таси умумтаълим мактаблари, 75 таси эса мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, унга 1,1 триллион сўм маблағ ажратилиши таълим соҳасига қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Лойиҳалар асосан инвестиция дастури доирасида 29 та муассасага 205,2 миллиард сўм, халқаро молия институтлари иштирокида 61 та муассасага 313,8 миллиард сўм, энергия самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар асосида 67 та муассасага 434,0 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Шунингдек, “Тараққиёт ва етакчилик маскани” ҳамда “Ташаббусли бюджет” каби дастурлар доирасида ҳам ўнлаб таълим муассасаларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

– Бу ишлар натижасида 6 та янги таълим муассасаси барпо этилиши, 107 та объект реконструкция қилиниши ва 102 та муассаса мукаммал таъмирланиши кўзда тутилган, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев. – Энг муҳими, қўшимча равишда 22 мингдан ортиқ ўқувчи ва 5 мингдан зиёд тарбияланувчи учун янги ўринлар яратилади. Бу эса аҳолининг таълимга бўлган эҳтиёжини қондириш, сифатли таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мазкур лойиҳалар нафақат биноларни янгилаш, балки таълим жараёнининг мазмунан бойишига ҳам хизмат қилади. Замонавий жиҳозланган синфхоналар, энергия тежамкор технологиялар, қулай ва хавфсиз муҳит – буларнинг барчаси ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини оширади, педагоглар учун эса самарали меҳнат қилиш имконини яратади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай кенг қамровли ишлар вилоят таълим тизими тарихида янги босқични бошлаб бермоқда. Бу жараёнлар орқали Бухоро нафақат маданий-тарихий марказ, балки замонавий таълим инфратузилмасига эга ҳудуд сифатида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамламоқда.
Бугун таълимга йўналтирилаётган ҳар бир сармоя эртанги тараққиётга қўйилаётган энг ишончли қадамдир. Чунки сифатли таълим олган, замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлар юрт равнақи ва жамият фаровонлигининг асосий омили ҳисобланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.