Тахмина Икромова жаҳон кубоги босқичида 4 та медалли бўлди
Тошкент шаҳрида ўтказилган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи ўз якунига етди. Бир неча кун давом этган мусобақада гимнастикачилар ўзларининг энг яхши чиқишларини намойиш этди.
Мусобақа якунига кўра, кўпкураш дастурида нейтрал мақомда қатнашган Мария Борисова олтин медални қўлга киритди. Германия вакили Дарья Варфоломеев кумуш, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Тахмина Икромова эса бронза медалига сазовор бўлди.

Алоҳида жиҳозлар бўйича финал баҳслари ҳам кескин ва муросасиз курашлар остида ўтди. Хусусан, ҳалқа машқларида Тахмина Икромова барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медални қўлга киритди. Ушбу дастурда Мария Борисова иккинчи, Дарья Варфоломеев учинчи ўринни эгаллади.

Тўп билан машқларда ҳам Т.Икромова яна бир бор шоҳсупага кўтарилиб, мусобақанинг икки карра ғолибига айланди. АҚШ вакили Рин Киз кумуш, яна бир юртдошимиз Лола Жўраева бронза медалига сазовор бўлди.
Булавалар билан машқ бажаришда германиялик Дарья Варфоломеев олтин медални қўлга киритган бўлса, Тахмина Икромова кумуш, Лола Жўраева бронза медаль билан тақдирланди. Тасма машқларида эса Д.Варфоломеев ғолиб бўлди. Рин Киз (АҚШ) иккинчи, Бразилия вакили Жованна Сантос учинчи ўринни эгаллади.

Гуруҳ мақшларидаги барча дастурларда Хитой Халқ Республикаси терма жамоаси мутлақ устунлик намойиш этиб, етакчиликни қўлдан бермади.

Шу тариқа, Тошкентдаги жаҳон кубоги босқичи бадиий гимнастика мухлисларига унутилмас лаҳзаларни тақдим этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА