Маҳоратли сузувчиларимиз ўртасида мамлакат чемпионлари аниқланмоқда
Сув спорт турлари саройида сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди. Мусобақада уч ёш тоифасида 463 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Мусобақанинг биринчи кунги баҳслари якунига кўра, 18 ёш ва ундан катталар тоифасида 800 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича аёллар ўртасида Дилнура Холниёзова ғолиб бўлди. Эркаклар ўртасида 1 минг 500 метрга эркин усулда сузишда Бунёд Бахтиёров маррага биринчи бўлиб етиб келди.

Шунингдек, 50 метрга чалқанча сузишда Маҳмудшоҳ Кодиров, 100 метрга баттерфляй йўналишида Муслима Одилова, брасс усулда 100 ва 200 метрдаги баҳсларда эса Ситора Одилова мамлакат чемпионига айланди.

16–17 ёш тоифасида эркин усулда 800 ҳамда 1500 метрдаги баҳсларда Зарина Абдусаматова ҳамда Платон Вороновский ғолиб чиқди. Шунингдек, турли масофаларда баттерфляй, комплекс йўналишларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА