“Каркидон” — Фарғона водийсининг янги туризм масканларидан бири
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ҳудудида барпо этилаётган экотуризм мажмуасида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан маданий-кўнгилочар тадбир ва гала-концерт ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, кенг жамоатчилик ва меҳмонлар иштирок этди.
Байрам дастури доирасида концерт дастурлари, спорт мусобақалари, миллий ўйинлар, болалар учун кўнгилочар тадбирлар ҳамда байкерларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Иштирокчилар сув ҳавзасида қайиқ сайрларида қатнашиб, ҳудуднинг табиий манзаралари билан танишди.
Маълумотларга кўра, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида “Каркидон” сув омбори атрофидаги 250 гектар майдонда экотуризм мажмуасини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-29780]
Бугунги кунга қадар ҳудудда 57 та меҳмон уйи, 45 та шале уйи, умумий овқатланиш масканлари барпо этилди, шунингдек, мавжуд дам олиш масканлари реконструкция қилинди. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида минглаб манзарали дарахт ва буталар экилди.
Мажмуада агротуризм, экотуризм ва фаол дам олиш йўналишларини ривожлантиришга қаратилган инфратузилма объектлари ҳам ташкил этилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА