Тадбиркорлик фаолиятига оид янги фармон самараси вақт ўтиши билан яққол кўринади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, давлат органлари билан муносабатларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш устувор йўналишлардан бирига айланди. Бу борада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд муаммоларни бартараф этибгина қолмай, тизимни замонавий, рақамли бошқарув асосида ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 17 апрель куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа йўналишида муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.
Мазкур фармонинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган янгиликлар ва кутилаётган натижалар ҳақида Бизнес-омбудсман девони Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш шуъбаси етакчи инспектори Абдураҳмон Тожибоев билан суҳбатлашдик.
— Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлик фаолиятига оид фармони соҳа вакилларини ортиқча босим ва ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятли, — дейди Абдураҳмон Тожибоев. — Энг муҳим жиҳати шундаки, назорат тизими тубдан ўзгариб, инсон омилига боғлиқлик камайтирилади ва жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади. Натижада очиқлик ва шаффофлик таъминланади.
Масалан, ҳужжатда 2026 йил 1 июлдан “Ягона давлат назорати” ахборот тизими янгиланган кўринишда ишга туширилиши белгилаб берилган. Ушбу тизим орқали энди тадбиркорлар масъул мансабдор билан бевосита мулоқот қилиши, ҳатто уларнинг фаолиятига баҳо бериши мумкин. Бу эса давлат хизматчиларининг ҳам масъулиятини оширади.
Яна бир янгилик, 1 августдан бошлаб барча текширувлар “Бизнес ҳимоя” QR коди орқали рўйхатга олинади. Яъни, назорат органи вакили тадбиркор ҳузурига келганда, аввало QR кодни сканерлаб, тизимда “из қолдириши” шарт бўлади. Шундан кейингина мулоқот ёки текширув бошланиши мумкин.
Шунингдек, ушбу ҳужжат билан қоғозбозликка ҳам босқичма-босқич барҳам берилмоқда. Фармонда очиқликни кучайтириш устувор йўналиш сифатида белгиланиб, текширувлар учун барча рухсатномаларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш назарда тутилган. Энг муҳими, тадбиркор рўйхатдан ўтиши биланоқ унга автоматик тарзда шахсий кабинет яратилади. Улар бу орқали барча жараёнларни мустақил кузатиши ва назорат қилиш имкониятига эга бўлади.
Умуман олганда, фармоннинг бош ғояси — тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни рақамли воситалар орқали камайтириш.
— “Ягона давлат назорати” ахборот тизими оддий тадбиркор учун қандай енгилликлар яратади?
— Энг катта ўзгаришлардан бири, тадбиркорнинг хабардорлиги ва назорат имкониятининг ошишидир. Энди тадбиркор ким, қачон ва нима сабабдан текширув ўтказаётганини аниқ билиш ҳуқуқига эга бўлади. Тизим орқали тадбиркор ўз ҳудудидаги масъул мансабдорлар ҳақида маълумот олиши, улар билан бевосита мулоқот қилиши мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, “Бизнес ҳимоя” QR код тизимининг жорий этилишидир. Бу орқали эндиликда давлат хизматчиси ҳар қандай текширув ёки мулоқотдан олдин мобил илова орқали QR кодни сканерлаб, жараённи тизимда рўйхатдан ўтказиши шарт бўлади. Натижада барча мулоқот ва текширувлар бўйича ягона тарих шаклланади. Тадбиркор исталган вақтда ким томонидан, қачон ва қандай асосда текширув ўтказилганини кўриш имкониятига эга бўлади.
— Ушбу фармоннинг қабул қилинишига қандай муаммолар сабаб бўлди? Илгари тизимда асосий камчилик нимада эди?
— Очиғини айтганда, аввалги тизимда “ёпиқ” жиҳатлар кўп эди. Текширувлар кўпинча қоғоз шаклида расмийлаштирилганлиги сабабли уларнинг шаффофлигини тўлиқ таъминлаш мушкул бўлган. Айрим ҳолларда ваколати аниқ белгиланмаган ёки етарли асосга эга бўлмаган органлар томонидан ҳам назорат тадбирлари ўтказилган. Ҳатто махсус гувоҳномаси бўлмаган шахслар текширувга жалб этилган ҳолатлар ҳам учраган. Ноқонуний текширувларни кейинчалик ҳуқуқий жиҳатдан исботлаш осон эмас эди. Чунки жараёнлар тўлиқ қайд этилмаган, кўп нарса ҳужжатлаштирилмай қолиб кетган.
Тадбиркор ва назорат органлари ўртасидаги мулоқотнинг ҳисобсизлиги ҳам жиддий муаммолардан бири эди. Бу эса баъзан “мулоқот” билан “текширув” ўртасидаги чегаранинг йўқолишига, айрим ҳолларда эса ушбу тушунчаларнинг аралашиб кетишига олиб келарди. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу ҳужжат билан текшириш ва мулоқот ўртасидаги чегарани аниқ белгилаб берилди.
— “Бизнес ҳимоя” QR кодининг афзаллиги нимада?
— Давлат хизматчилари тадбиркор билан ҳар қандай мулоқот ёки текширувдан олдин мобил илова орқали QR кодни сканерлаши шарт бўлиб, жараён тизимда рўйхатдан ўтказилади. Агар бу талаб бажарилмаса, тадбиркорлар текширув ўтказишга рухсат бермаслик ҳуқуқига эга.
Текширув натижалари бўйича тузилган далолатномадаги маълумотлар текширув якунлангандан сўнг уч иш куни ичида, тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари эса чоралар қўлланилгандан сўнг уч иш кунидан кечиктирмасдан тизимга киритилиши шарт. Асосий афзаллиги шундаки, реал вақт ичида текширув ўтказиш ваколати бўлмаган шахслар ҳақида тадбиркорга огоҳлантириш тизими жорий этилади.
— Тадбиркорлар янги тизимга мослашишда қандай қийинчиликларга дуч келиши мумкин?
— Ҳар қандай ислоҳотни амалиётга татбиқ этишда муайян мослашув даври талаб қилинади. Бу ерда гап тўғридан-тўғри қийинчиликдан кўра, янги тизимга кўникиш ҳақида бормоқда. Аввало, рақамли саводхонлик муҳим. Чунки тизим асосан мобил илова ва электрон платформалар орқали ишлайди. Айрим тадбиркорлар учун бу дастлаб ноқулайлик туғдириши мумкин. Жойлардаги интернет сифати ёки техник инфратузилма билан боғлиқ муаммолар ҳам таъсир қилиши эҳтимолдан холи эмас.
Бундан ташқари, янги тартиб ва механизмларни ўрганиш ҳам вақт талаб этади. Аммо бу табиий жараён. Тизимдан фойдаланиш кенгайгани сари кўникмалар ҳам шаклланиб боради. Энг муҳими, ушбу ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси вақт ўтиши билан, амалиётда яққол кўринади. Натижа ва самарадорлик эса мавжуд муаммоларга қанчалик тўғри ечим берилганини кўрсатиб беради.
— Суҳбат учун раҳмат.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bsq6bcskTFA" title="Tadbirkorlik faoliyatiga oid yangi farmon sharhi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Ҳожиакбарова, ЎзА