Истеъдодлар майдони
Юртимизда ёшларни илм-фанга жалб этиш, замонавий технологиялар асосида билим бериш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, айниқса, муҳандислик, рақамли технологиялар ва инновацион йўналишларга қизиқувчиларни қўллаб-қувватлаш бугунги тараққиётнинг муҳим омилига айланмоқда. Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида Бухоро вилоятида “Муҳандислик ойлиги” доирасида ташкил этилган “Келажак муҳандислари фестивали” ёшлар учун катта имкониятлар майдони бўлди.
Мазкур фестиваль талаба-ёшларнинг билим ва маҳоратини намоён этиш, уларнинг техник фикрлашини ривожлантириш ҳамда инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди. Тадбирда иштирокчилар ўз салоҳиятларини робототехника, авиация, агротехнология, машинасозлик, яшил энергетика, чип дизайн, архитектура, тиббий муҳандислик, AI Health Hackathon, дронлар, ракета моделлаштириш, Robo Sumo, Robo Football, Line Following, 3D моделлаштириш, Urban Challenge ҳамда муҳандислик эстафетаси каби замонавий ва истиқболли йўналишларда синовдан ўтказди.

Шунингдек, тадбир доирасида Бухоро давлат техника университети ташаббуси билан умумтаълим мактаблари ўқувчилари, техникум ва коллеж ёшлари, маҳалла ёшлари, имконияти чекланган ёшлар ҳамда талабалар ўртасида турли танлов ва беллашувлар ўтказилди. Уларда энг яхши натижаларни қайд этган иштирокчилар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Фестиваль доирасида “Олийгоҳ кубоги” танлови ғолибларининг тантанали тақдирланиши ҳам тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади. Бу каби мусобақалар ёшларда жамоавийлик, интилиш ва ғалабага бўлган ишончни мустаҳкамлайди.

Тадбирнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири имконияти чекланган ёшлар томонидан ясалган қўл меҳнати маҳсулотлари аукциони бўлди. Унда ёшларнинг ижодий ишлари, ноёб ва бетакрор маҳсулотлари намойиш этилди ҳамда иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Мазкур аукцион имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини кенг жамоатчиликка намоён этиш ва инклюзив муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Эътиборлиси, фестиваль нафақат университет талабалари, балки мактаб ўқувчилари, техникум ва коллеж ёшлари, маҳалла фаоллари ҳамда инклюзив ёшларни бир майдонга жамлади. Бу эса турли қатлам ёшлар ўртасида тажриба алмашиш, ҳамкорлик ва ўзаро рағбат муҳитини шакллантирди.

Бундай ташаббуслар келажакда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган билимли, ташаббускор ва замонавий мутахассислар сафини кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА