Сурхондарёда ёш аскарлар қасамёд қилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган ҳарбий қисмда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан чақирилган ёш аскарларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда аскарларнинг ота-онаси ва яқинлари, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Маросимда сўз олганлар мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида мудофаа соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, муддатли ҳарбий хизматчиларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик хусусида сўз юритди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ёшлар учун нафақат ҳарбий тайёргарлик, балки маънавий-маърифий тарбия, жисмоний чиниқиш ҳамда касб-ҳунар ўрганиш имкониятлари яратилган. Хусусан, “Битта аскар – битта касб” тамойили асосида муддатли ҳарбий хизматчиларни касбга йўналтириш ишлари самарали йўлга қўйилган.
Бу эса ёшларнинг ҳарбий хизмат давомида муайян касб-ҳунар эгаллаши, келгусида ҳаётда ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда. Шу маънода ҳарбий хизмат нафақат Ватан ҳимояси, балки ҳаёт мактаби вазифасини ҳам бажармоқда.
[gallery-29013]
Қасамёд қабул қилган ёш аскарлар Ватан олдидаги муқаддас бурчини сидқидилдан бажаришга, халқимиз тинчлиги ва юрт осойишталигини ҳимоя қилишга тайёр эканини билдирди.
Бундай тадбирлар ёшлар қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурур ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА