“Орол тубига эко-таълим саёҳатлари” халқаро ҳафталиги доирасидаги тадбирлар бошланди
Жорий йилнинг 26-30 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикасида “Оролбўйи эзгу ният элчилари” халқаро конференцияси, “Орол тубига эко-таълим саёҳатлари” халқаро ҳафталиги ва “Эко-ташаббус” лойиҳаси ва бошқа туркум тадбирлар ўтказилади.
Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2025 йил 30 ноябрдаги топшириғига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ёшларининг қизиқишлари ва хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилади.
Халқаро ҳафталикда хорижий меҳмонлар, Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва ҳудудлардан Қорақалпоғистондаги олий таълим ташкилотларида таълим олаётган ёшлар, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тошкент давлат аграр университети ва бошқа олий таълим муассасаларининг экология йўналишидаги талаба-ёшлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳарбий хизматчиларнинг вояга етган оила аъзолари, қозоқ, рус, корейс, украин, туркман миллий маданий марказларининг вакиллари иштирок этмоқда.
[gallery-29022]
Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида “Оролбўйи эзгу ният элчилари” халқаро конференцияси, шунингдек, ёшларнинг экологик ташаббусларини рўёбга чиқарадиган “Эко-ташаббус” лойиҳаси бошланди. Унда хорижий ва маҳаллий олимлар, ёшлар, илмий тадқиқот олиб борувчи талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) профессори Сенежани Ҳоссеин Ҳабиболлаҳ Акҳани “Галофитлар: Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг ўзгарувчан дунёсида хилма-хиллик ва таъсири”, Тошкент давлат техника университети ўқитувчиси, техника фанлари доктори (DSc) Индирахон Аюбова “Оролбўйи ҳудудида экологик таълимни ривожлантиришнинг замонавий ёндашувлари”, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ахборот тизимлари ва технологиялари кафедраси ассистенти Байрам Абсамeтов “Орол денгизининг қуриган туби тупроқ-иқлим шароитига мос ўсимликларни таснифлаш ва ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш”, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ректори маслаҳатчиси, профессор (Франция)Моҳаммад Поуран Ҳамид Реза Моҳаммад “Чўл иқтисодиёти ва таълим” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Маърузаларда Оролбўйида дарахтзорларни ташкил этиш, шўрланишни камайтириш, чўлланишнинг олдини олиш, Оролбўйи ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, туризм салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар илгари сурилди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ҳафталик давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Дарахт экиш” акцияси, иштирокчилар ва ёшлар иштирокида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда спорт билан шуғулланиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида “10 минг қадам” пиёда юриш марафони, Қорақалпоғистон ва вилоятлардан таълим олаётган ёшлар, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тошкент давлат аграр университети талаба-ёшлари иштирокида бадминтон мусобақаси, Open-air концерт дастури ҳамда тарихий обидаларга саёҳат тадбирлари ўтказилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.