Сурхондарёда муҳим “Медиа ҳафталик” бошланди
Термиз туманидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогер ва матбуот котибларини ягона муҳитда бирлаштиришга хизмат қиладиган “Медиа ҳафталик” ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидаги Амударё бўйида 13-17 апрель кунлари бўлиб ўтадиган ҳафталикнинг илк куни экспертларнинг “Тренинг мақсади ва вазифалари”, “Ўзбекистон босма медиадаги контент: амалиёт, муаммо ва ечим”, “Оператор – материал ҳаммуаллифи сифатида”, “Маҳаллий ва халқаро ОАВларнинг ижтимоий тармоқлардаги амалиётидан кейслар таҳлили. Иштирокчилар ижодий амалиётининг СВОТ-таҳлили” каби мавзулардаги қизиқарли маърузалари тингланмоқда.

Контент маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган муҳим таълимий-амалий лойиҳа доирасидаги машғулотлар интернет ва босма нашрлар, тележурналистлар, давлат идоралари матбуот котиблари ҳамда блогерлар учун алоҳида йўналишларда ташкил этилади.

Сайёрамиз ахборот маконидаги тезкор ўзгаришлар, ижтимоий тармоқлар юксалиб, сунъий интеллектнинг ривожланиши, фейк хабарлар оқими соҳада янги ёндашув ва изланишларни талаб этмоқда. Мазкур лойиҳа бу жараёнда соҳа ходимларининг амалиётни назария билан бирлаштириб, ўзаро тажриба алмашишига хизмат қилади. Шу мақсадда пойтахтдан келган энг етук медиа-экспертлар, муҳаррир ва продюсерлар контент яратиш, фактчекинг, рақамли гигиена, СММ ва стратегик коммуникациялар каби долзарб мавзуларда тренинг машғулотлари ўтказмоқда.
Машғулотлар чоғида лойиҳа қатнашчилари учун хатоларни таҳлил қилиш, аниқ кейслар асосида ишлаш, янги ёндашувларни шакллантириш каби имкониятлар яратилади. Етук мутахассисларнинг бой тажрибаси ва замонавий медиани юксалтиришнинг муҳим йўналишларидан баҳраманд бўлади. Иштирокчиларга махсус сертификат топширилади.
Ҳафталик якунида воҳадаги соҳа вакилларини қамраб оладиган йирик Медиа форум ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири