Судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш тартиби белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан судьялар ҳамжамияти органларининг турлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функциялари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Судьялар малака ҳайъати таркибига жамоатчилик асосида тажрибали суд фахрийларини жалб этиш имконияти яратилмоқда.
Судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва муддатидан илгари тугатиш тартиби белгиланмоқда. Судьяларнинг малака даражаларини бериш, интизомий ишларни кўриб чиқиш ҳамда ваколатларни тўхтатиш ва тугатиш тартиблари ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.
Малака ҳайъати томонидан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий чоралар қаторига огоҳлантириш, малака даражасини пасайтириш, қуйи лавозимга ўтказиш ва ваколатларни муддатидан илгари тугатиш каби чоралар киритилмоқда.
Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асослари белгиланиши орқали суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлаш, суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, судьяларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга эришилади. Бу эса шахснинг одил судловга бўлган ҳуқуқлари янада мустаҳкамланиши ҳамда одил судлов сифати ва самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА