Суғурта рекламалари ижтимоий рекламага тенглаштирилиши мумкин
Парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Реклама тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Лойиҳада суғурта хизматларини оммалаштириш ва аҳолининг ушбу соҳага бўлган қизиқишини ошириш, тадбиркорлар ва аҳолининг суғурта бозорига киришида уларнинг ишончини мустаҳкамлашга қаратилган нормалар назарда тутилган.

Қайд этилганидек, бугунги кунда суғурта компанияларининг рекламалари асосан уларнинг шахсий афзалликларига қаратилган. Аммо суғурта шартномаларининг имзоланиши, уларнинг имкониятлари, шартлари, талаблари, муддатидан олдин бекор қилиниши, низо келиб чиққанда қандай йўл тутилиши кабилар ҳақида маълумотлар истеъмолчиларга етказиб берилмайди.
Оқибатда истеъмолчиларда суғурта фаолияти, имкониятлари ҳақида саводхонлик етарли даражада бўлмаслигига олиб келмоқда. Бу эса суғурта фаолиятига оид муносабатларда муайян муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис эндиликда суғурта хизматларига оид рекламаларни ижтимоий рекламага тенглаштириш ва уларни ОАВда кенг ёритиш имконияти яратилмоқда. Бунда ижтимоий ахборот бўлгани учун бирор маҳсулотнинг номи, логотипи берилмайди, фақатгина суғурта маданиятини оширишга қаратилади.
Муҳокамаларда турли фикрлар билдирилди. Масалан, депутат Козим Тожиев ижтимоий рекламалар даромад олинмайдиган мақсадларда ёритилишини таъкидлаб, суғурта компаниялари даромадга эга ҳисобланишини билдирди. Айрим депутатлар лойиҳага қаршилик билдирган бўлса, бир гуруҳ депутатлар лойиҳада назарда тутилаётган нормалар ҳам истеъмолчи, ҳам суғурта компаниялари манфаатларига хизмат қилишини, суғурта хизматлари ҳақида аҳолининг хабардорлиги ошиши, суғурта бозори ривожланишига асос бўлишини таъкидлади.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров аслида суғурта имконият эканлигини, ундан тўғри фойдалана билиш кераклигини, қонун лойиҳаси аҳолининг суғурта саводхонлиги ошишида муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА