Жиноятчиликка мажбуран жалб этилган болаларни жабрланувчи деб эътироф этиш зарур
Австриянинг Вена шаҳрида ЕХҲТ томонидан Одам савдосига қарши Альянсининг "Мажбурий жалб қилиш шаклидаги жиноятчиликнинг ўсиб бориши: хавфсизлик тизимидаги мавжуд заиф нуқталарни бартараф этиш" мавзусида конференция ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам иштирок этди.
Иштирокчи мамлакатлар вакиллари мажбурий жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида янги ёндашувларни жорий этиш, жабрланувчиларнинг эрта вa чуқур идентификацияси орқали уларнинг жиноятчи стигмасига барҳам бериш вa ҳимоялаш юзасидан ўз миллий тажрибалари ҳақида фикр алмашди.

Жумладан, мажбурий жиноийлаштиришнинг олдини олиш юзасидан самарали услуб вa инструментларни татбиқ этиш йўллари, ўз ихтиёрига қарши жиноятга жалб этилганларга жазоламаслик принципини кенг қўллаш зарурати муҳокама қилинди.
Нафақат жиноий эксплуатация билан курашиш, балки энг заиф гуруҳ – болаларни бу иллатдан ҳимоялаш соҳасидаги бўшлиқларга барҳам беришга эътибор қаратилди.

Жиноятчиликка мажбуран жалб этилган болаларни жабрланувчи деб эътироф этиш ва уларни тизимли равишда ижтимоий интеграция қилиш чораларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Айтиш жоизки, 10 йилдан буён анъанага айланган Одам савдосига қарши Альянснинг бу йилги конференцияси янги глобал хавф-хатарларга нисбатан таъсирчан механизмларни ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда.
Инновацион ёндашувларни тобора кучайтирган ҳолда мамлакатлараро ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА