Тошкентда зараркунандаларга қарши табиий усуллар қўлланилмоқда
Пойтахтимиз кўркига кўрк бағишлаб турган яшил майдонларда парвариш этилаётган манзарали ва мевали дарахтлар, гуллар ҳамда бутасимон ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспекторлари томонидан туманлар ҳудудларида мавжуд игнабаргли можжевелник дарахтларига махсус ишлов бериш, шаҳар ҳудудида табиий биофонни шакллантириш ҳамда биологик кураш тизимини кенг миқёсда жорий этиш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Шунингдек, фойдали энтомофаг ҳисобланган табиий “олтинкўз” ҳашаротларини ҳудудларга тарқатиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспектори Нодира Мамажонованинг таъкидлашича, ер юзида игнабаргли ўсимликларнинг 400 га яқин нави мавжуд. Ўзбекистонда эса арча туркумига мансуб турлар кенг тарқалган. Ушбу ўсимликларнинг асосий зараркунандаларидан бири арча унсимон қурти бўлиб, мазкур ҳашарот арчанинг новда ва баргларига ўрнашиб, ўсимликка жиддий зарар етказади.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида пойтахтимиздаги истироҳат боғлари ва яшил ҳудудларда лаборатория шароитида етиштирилган фойдали “олтинкўз” ҳашаротлари тарқатилмоқда.

Бошқарма мутахассиси Сураё Содиқованинг маълум қилишича, пойтахт яшил майдонларида парвариш қилинаётган дарахт ва буталарнинг соғломлигини сақлаш, биохилма-хилликни асраш ҳамда қушлар биофондини бойитиш мақсадида яшил ҳудудларга қуш уялари ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Бу эса қушларни муҳофаза қилиш билан бирга, уларнинг кўпайиши ва тарқалишига хизмат қилади. Шу орқали зарарли организмларнинг ўсимлик дунёсига салбий таъсирини камайтиришга эришилмоқда.

Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспектори Умиджон Абдушукуровнинг таъкидлашича, пойтахтнинг фитосанитар тозалигини таъминлаш, шаҳар ҳудудида табиий биофонни шакллантириш ва биологик кураш тизимини кенг жорий этиш манзарали ҳамда мевали дарахтларни турли касалликлардан муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Амалга оширилаётган тадбирлар пойтахтимиз яшил майдонларини асраш, шаҳар экологиясини яхшилаш ва аҳоли учун соғлом муҳит яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА