Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилади
2026 йил 13 апрелдаги ЎРҚ-1128-сон қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, иккиламчи ижарага олган ижарачилар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги канал, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги қонунчиликка мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларида ва муддатларда мақбул экин экилмагани БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Солиқ кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги юқорида келтирилган майдонларда ҳар йили 1 майгача мақбул экин экилмаган ер участкаси ва уларнинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисидаги ахборотни давлат солиқ органларига реал вақт режимида, электрон шаклда тақдим этиши шартлиги кўзда тутилди.
Мазкур ахборотга асосан ер участкасининг мақбул экин экилмаган қисми учун жорий йилги ер солиғи ставкаси 3 баравар миқдорда оширилган ҳолда ҳисобланиши белгиланди.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
ЎзА