Суд фахрийси хонадонига ташриф буюришди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Гулнафис Худайбердиева ҳамда Жиззах вилояти суди судьяси Луиза Халитова “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, 96 баҳорни қарши олган суд фахрийси Умсун Астанованинг хонадонларига ташриф буюришди.
Умсун Астанова 26 йил давомида Жиззах вилоятининг Фориш туманида одил судлов тизимида хизмат қилиб, нафақат қонунни, балки инсон тақдирини ҳам адолат мезонида ўлчай олган шахс сифатида эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди.
[gallery-28590]
Суҳбат давомида у Ўзбекистон Аёл судьялари ассоциацияси ташкил этилганини катта қувонч билан тилга олар экан, юрагининг энг нозик торларини чертган орзусини ҳам ошкор қилди: “Қанийди, яна ёшроқ бўлганимда, юртимга янада кўпроқ фойда келтирардим...”
Бу сўзларда афсус эмас, балки чексиз садоқат, сўнмас меҳр ва хизмат қилишга бўлган беқиёс иштиёқ мужассам эди.
Халқаро аёл судьялар кунига бағишланган тадбир доирасида унга давлатимизнинг юксак мукофоти — “Меҳнат шуҳрати” ордени топширилгани эса унинг ҳалол меҳнати давлатимиз томонидан муносиб қадрланганидан далолатдир.
Учрашув якунида Умсун Астанова барча судьялар ва тизим ходимларига ўзининг самимий тилакларини билдирди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари