"Спортнинг атом энергияси" ғолиблари тақдирланди
Жиззахда рақамли спорт турлари бўйича ўтказилган “Спортнинг атом энергияси” мусобақалари Ўзбекистон ва Россияда фиджитал йўналишга қизиқадиган мактаб ўқувчилари, талабалар, ёшларни бир майдонда жамлади.
Фиджитал-баскетбол, фиджитал-футбол, кибер баскетбол, кибер футбол, алгоритм программа, сounter-strike йўналишларини қамраб олган турнирда 350 дан ортиқ ёш спортчилар ҳамда IT соҳаси вакиллари ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Янги давр спорти саналган баскетболнинг фиджитал йўналишида юқори тайёргарлик, стратегик фикрлаш ва жамоавий ҳамжиҳатликнинг яққол ифодаси сифатида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети жамоаси ғолибликка эришди.
Жорий йилнинг июль–август ойларида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтадиган “Келажак ўйинлари – 2026” мусобақаларига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналган “Спортнинг атом энергияси” мусобақалари фиджитал спорт турларини янада ривожлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли саналади.

Т.Рўзиев, ЎзА