Спорт ривожида парламент ҳам фаол иштирок этмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлис кун тартибидан бир қатор қонун лойиҳалари муҳокамаси ўрин олган.
Мажлис аввалида Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ўтган ҳафта давомида мамлакатимиз ҳаётида содир бўлган муҳим воқеликлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Жумладан, ватандошимиз, шахматимиз тарихида биринчи маротаба Номзодлар турнирида ғалаба қозонган Жавоҳир Синдоровнинг ютуғини алоҳида эътироф этди. Номзодлар турнирида рекорд натижалар кўрсатиб, муддатидан олдин ғолибликни қўлга киритгани учун Жавоҳир Синдоров “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотлангани, Президентимиз шахматчини мазкур тарихий зафар билан самимий қутлаганини таъкидлади.
Спикер Жавоҳир Синдоровнинг бу юксак ютуғи мамлакатимизда спортга, жумладан, шахматни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг амалий самараси эканини қайд этди. Соҳани ривожлантириш мақсадида Президентимиз, давлатимиз, ҳукумат ва парламент томонидан муҳим чоралар амалга оширилаётганини айтиб ўтди. Хусусан, шу йил янги таҳрирдаги жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонун қабул қилингани, унда соҳани такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилганини таъкидлади.
Спорт соҳасига ажратилаётган маблағлар самарадорлигида таъсирчан парламент назорати амалга оширилаётгани, парламент вакиллари фракция ва қўмиталарда соҳа мутасаддиларининг ахборотларини эшитиб бораётгани қайд этилди.
Умуман, аҳоли ва ёшларни спортга жалб этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани алоҳида таъкидланди.
М.Комилова, ЎзА