Ғолиблар мамлакат босқичига йўлланма олди
Андижонда “Ёш қутқарувчи – 2026” республика мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Андижон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги олимпия ва спорт турларига ихтисослашган спорт мактабида ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, уларни қутқарувчилик касбига қизиқтириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигига оид билим ва малакаларини бойитиш мақсадида ўтказилган мусобақада унинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жамоалар иштирок этди.
Мусобақа давомида иштирокчи жамоалар томонидан ўзлари таҳсил олаётган таълим муассасаларида фавқулодда вазиятлар юзага келганида ҳаракатланиш, ёнғинларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган тарғибот ишларига оид фотосуратлар, альбомлар кўргазмаси ташкил этилди.
Иштирокчи жамоалар фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазасига оид савол-жавоб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, палатка тиклаш, баландликка кўтарилиш, эстафета югуриши сингари қатор шартлар асосида ўзларининг билим, маҳорат ва тезкорликларини синовдан ўтказди.
[gallery-28887]
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, профессионал таълим мактаблари, техникумлар жамоалари ўртасида Марҳамат туманидаги 2-сон техникуми жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақанинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ушбу йўналишда иккинчи ўрин Пахтаобод туманидаги 2-сон техникуми, учинчи ўрин эса Хонобод шаҳар 1-сон техникуми жамоаларига насиб этди.
Умумтаълим мактаблари жамоалари ўртасида биринчи ўринга Балиқчи туманидаги 7-умумтаълим мактаби, иккинчи ўринга Марҳамат тумандаги 42-умумтаълим мактаби, учинчи ўринга эса Олтинкўл туманидаги 2-умумтаълим мактаби жамоалари сазовор бўлди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳар икки йўналиш бўйича ғолибликни қўлга киритган жамоалар жорий йил май ойда Самарқандда бўлиб ўтадиган мусобақанинг мамлакат босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА