“Спорт куни” мазмунли ва фойдали ўтди
Юртимиз ёшларини оммавий спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ва унумли ташкил этиш, шу орқали соғлом турмуш тарзи ғояларини тарғиб этиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Жорий йил 7 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда оммавий спортни ривожлантириш муҳим вазифа сифатида белгиланган эди.

Зеро, спорт бу фақат мусобақа эмас, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини намоён қиладиган катта куч эканини давлатимиз раҳбари доим таъкидлайди. Ана шу вазифалар ижроси доирасида Тошкент шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан оммавий спорт тадбири ташкил этилди. Унда 100 дан ортиқ ходимлар, ташкилотчилар ва ҳакамлар иштирок этиб, турли спорт йўналишлари бўйича беллашувлар ўтказилди.
Спортнинг нафақат соғлом турмуш тарзи, балки метин интизом, юртпарварлик рамзи экани “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан ўтказилган мусобақаларда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди. Эрта тонгдан бошланган ташкилий ишлар доирасида иштирокчилар рўйхатдан ўтказилиб, спорт майдонлари мусобақалар учун тўлиқ шай ҳолга келтирилди ҳамда ҳакамлар ўз фаолиятини бошлади.

Тадбир аввалида умумий бадантарбия машқлари ўтказилиб, иштирокчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати мусобақаларга мослаштирилди. Ташкилотчилар томонидан хавфсизлик қоидалари ва мусобақа тартиби юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Асосий беллашувлар футбол, волейбол ва стол тенниси йўналишларида қизғин ва муросасиз баҳслар билан давом этди. Турли бўлим ва бошқармалар жамоалари ўзаро куч синашар экан, ҳар бир ўйин жамоавийлик, тезкорлик ва аниқ стратегияни талаб қилди. Шу билан бирга, шахмат-шашка ва бадминтон каби интеллектуал ҳамда техник спорт турлари ҳам тадбирга ўзига хос мазмун бағишлади.

Мазкур спорт тадбири давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган соғлом турмуш тарзини шакллантириш сиёсатининг амалий ифодаси бўлди. У ходимларнинг жисмоний фаоллигини ошириш билан бирга жамоадаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бу каби ташаббуслар юртимизда оммавий спортни янада ривожлантиришга мустаҳкам замин яратади.
– Ходимларимизнинг ҳар шанба куни спорт билан шуғулланиши учун кенг шароитлар яратилган, – деди “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шоҳида Жуманова. – Бу ерда шахмат, стол тенниси, футбол, волейбол каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Келгуси шанбада спорт турларини янада кўпайтириш ниятимиз бор.

– Миллий банк томонидан ҳар шанба куни “Спорт куни” деб эълон қилингани айни муддао бўлди, - деди “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ходими Нодир Зайниев. – Бу мусобақалардан катта завқ оляпмиз. Бундай турнирлар фақат бир кун билан якунланмайди. Эндиликда улар ҳар шанба кунлари бўлиб ўтади.
– Банк томонидан ўтказилаётган мусобақалар жуда юқори савияда ташкил этилгани билан аҳамиятли бўлмоқда, - деди “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ходими Асилбек Азаматов. – Мен барча спорт турлари бўйича ўзимни синаб кўрдим. Мусобақалар жуда қизғин руҳда ўтди. Бундай тадбирлар кўпроқ ўтишини хоҳлардик.

Дарҳақиқат, спорт турнири шунчаки мусобақа эмас, ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ва фойдали ташкил этиш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини ҳаётимизга фаол кириб келишида муҳим аҳамият касб этгани билан диққатга сазовор бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА