Шоир, журналист, таржимон Асрор Мўминдан янги китоб
Публицистик материаллар давр руҳиятини тиниқ кўзгу каби ўзида акс эттириши билан аҳамиятли. Устоз журналист, шоир ва таржимон Асрор Мўминнинг яқиндагина “Тафаккур қаноти” нашриётида чоп этилган “Китоб – камолот кафолати” номли китобини ҳам замоннинг бадиий ифодаси деб аташ мумкин.
Айтиш керакки, ҳар бир инсоннинг муваффақият йўлида ота-онаси, устозларнинг меҳр ва эътибори, яхши китобларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Устоз журналист Асрор Мўминнинг “Китоб – камолот кафолати” номли китобида ҳам кейинги йилларда матбуот саҳифаларида эълон қилинган ижтимоий-маърифий, адабий-бадиий йўналишдаги туркум мақолаларига кенг ўрин берилган. Муаллиф ушбу мақолаларида китобнинг инсон ҳаёти, унинг камолотидаги ўрни ва аҳамияти хусусида батафсил тўхталиб, ўз ҳаёти ва машҳур кишилар ҳаётидан кўплаб таъсирчан мисоллар келтиради.
Ушбу мақолалар теран таҳлилий, кенг қамровли, ён-атрофдаги воқеликларга зийрак нигоҳ билан боқиб, чуқур мушоҳада ва мулоҳаза асосида ёзилгани диққатга лойиқ. Бу мақолалар истиқлолнинг қадр-қимматини англаш, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари, ислоҳотлар моҳиятини чуқурроқ тушунишга кўмаклашиши билан аҳамиятли.
Жумладан, “Муваффақият йўли”, “Мустақиллик ютуқларимиз асосидир!”, “Шоирлар ва ошиқлар пешқадами”, “”Уйғониш даврининг етук ҳукмдори”, “Тарихчилар ва шоирлар наздида Тошкент”, “Оналар юрагини асранг”, “Чирчиқ ва Расул Ҳамзатов”, “Сўнмас умид юлдузи” каби кўплаб мақолаларда илм-маърифат, умуман китобнинг инсон камолотидаги ўрни хусусида батафсил сўз юритилади.
Асрор Мўмин — замонавий ўзбек адабиётида ўз овози ва услубига эга бўлган ижодкорлардан бири. Унинг ижоди кўп қиррали бўлиб, унда ҳам шеърият, наср, ҳам таржимачилик муҳим ўрин тутади. Шоир ижодида инсоннинг ички кечинмалари, унинг жамиятдаги ўрни ва маънавий изланишлари асосий мавзу ҳисобланади. У инсон қалбини мураккаб ва тилсимли олам сифатида тасвирлайди. Унинг шеърларида оддий воқеа-ҳодисалар замирида теран мажозий маънолар яширинган бўлади. Бу эса ўқувчини фикрлашга ва шеър қатидаги рамзларни чақишга ундайди.
Асрор Мўмин фақат лирик шоир эмас, балки саҳна асарлари муаллифи ҳамдир. Унинг «Гумон», «Еттинчи фалак» каби асарларида инсоний муносабатлар, хиёнат ва садоқат, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш шиддатли тасвирланган. У жаҳон адабиётининг сара намуналарини, жумладан, машҳур файласуф ва шоирларнинг асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган. Бу унинг ўз ижодида ҳам халқаро адабий тажрибалардан унумли фойдаланишига замин яратган. Ижодкорнинг болалар учун ёзган шеър ва ҳикоялари содда, равон ва тарбиявий аҳамияти билан ажралиб туради. Умуман олганда, Асрор Мўмин ижоди ўзининг фалсафий мушоҳадакорлиги ва инсонпарварлик ғоялари билан китобхонлар меҳрини қозонган.
Ижодкор турли йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, шунингдек, мамлакатимиздаги етакчи босма нашрларда самарали фаолият кўрсатган. У «Шуҳрат» медали соҳиби (1999), «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» (2011) унвонига сазовор бўлган.
Шуниси эътиборга лойиқки, Асрор Мўминнинг “Китоб – камолот кафолати” номли китоби журналистикага қадам қўйган ёшлар учун ҳам ўзига хос ибрат мактаби.
Н.Усмонова, С.Ўрмонов (сурат), ЎзА