Ижод ва санъат ҳафталиги бошланди
Сирдарё вилоятида ёшларнинг бадиий дидини шакллантириш ҳамда миллий ва замонавий санъатга бўлган қизиқишини кучайтиришга қаратилган муҳим маданий лойиҳалардан бири — халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида “Ижод ва санъат ҳафталиги” бошланди. Тадбир Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида юқори савияда ташкил этилди.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон халқ рассоми, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори Рустам Ҳудойберганов, Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси тадқиқотчиси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Жавоҳир Ниёзов, Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмасининг вилоят бўлими раҳбари Анорқул Бойбеков, Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати директори, миниатюрачи рассом Баҳодир Бобоназаров, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, шунингдек, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкор ёшлар, ўқувчи-талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросимда таъкидланганидек, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини изчил ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу маънода, бу каби фестивал ва ижодий майдонлар ёшларнинг бадиий тафаккурини бойитиш, уларни янги ижодий изланишларга рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-28874]
Лойиҳа Ўзбекистон Бадиий академиясининг кенг қамровли маърифий ташаббусларидан бири ҳисобланади. Муҳими, мазкур лойиҳа доирасида нафақат кўргазмалар, балки илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар ҳам ўтказилади. Айниқса, очиқ осмон остида ташкил этиладиган машғулотлар рассомлар учун янги илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
– Ҳафталик давомида устоз ва ёш ижодкорлар ўртасида бевосита мулоқот йўлга қўйилади, – дейди Анорқул Бойбеков. – Бу тажриба алмашиш, янги ғояларни шакллантириш ва ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳафталик доирасида Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида республикадан ташриф буюрган ижодкорлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди. Унда рангтасвир, ҳунармандчилик ва ҳайкалтарошлик каби санъат турларига қизиқувчи ёшлар фаол иштирок этиб, амалий кўникмалар билан бирга назарий билимларини ҳам бойитиш имконига эга бўлдилар.
Шунингдек, ёшлар замонавий шарт-шароитлар, ижодий муҳит ва ўқув базаси билан танишдилар. Бу эса уларнинг санъатга бўлган қизиқишини янада ошириш ва истеъдодини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
– Фестивалга сирдарёлик ижодкорлар томонидан пухта тайёргарлик кўрилди, – дейди миниатюрачи рассом Баҳодир Бобоназаров. – Режага мувофиқ, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ҳам кўргазмалар ва маҳорат дарслари ташкил этилади. Бу орқали янги истеъдодларни кашф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қисқача айтганда, “Ижод ва санъат ҳафталиги” Сирдарё вилояти маданий ҳаётида муҳим воқеага айланиб, нафақат санъат ихлосмандларини бирлаштирмоқда, балки ёшларнинг эстетик диди, ижодий тафаккури ва маънавий камолотига хизмат қилувчи самарали майдон сифатида намоён бўлмоқда.
Тадбир ҳафта сўнггига қадар давом этади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА