Хоразмлик ёш китобхонлар аниқланди (+видео)
Урганч шаҳридаги ёшлар марказида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Ёш китобхон” лойиҳасининг вилоят босқичи якунланди.
Унда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ғолиб бўлган энг зукко ёшлар навбатдаги марра учун баҳс олиб борди.
Танлов давомида китобсевар ёшлар ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиб, энг фаол ёш китобхон номи учун беллашди.
Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилган танлов натижалари маълум қилинди.
[gallery-28863]
Унга кўра, 10–14 ёш тоифасида Янгиариқ туманидан Бикажон Ниязметова, 15–19 ёш тоифасида эса Шовот туманидан Дилноза Озодова ғолибликка энг муносиб номзодлар сифатида эътироф этилди.
Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
– Бу нафақат менинг, балки мени қўллаб-қувватлаган устозларим ва оиламнинг ҳам ғалабаси деб биламан, – дейди танлов ғолибаси Дилноза Озодова. – Рақибларим ҳам жуда кучли китобхонлар эди. Шу сабабли ҳар бир шартда бор кучимни сафарбар қилишимга тўғри келди. Болалигимдан уйимизда китоб жовони доим тўла бўлган. Ота-онам менга эртак китоблар совға қилишни яхши кўришарди. Кейинчалик мактаб кутубхонаси менинг энг севимли масканимга айланди. Ҳозирги “Беш ташаббус олимпиадаси” эса биз каби ёшлар учун ўз билимларимизни синаб кўришга катта имконият бермоқда.
Танлов якунида ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tQMvkxj9Tgw" title="Xorazmlik yosh kitobxonlar aniqlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари