Шаҳарсозлик реновацияси ҳамда суғурта хизматлари бозори янада ривожлантирилади
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг мажлисида янги таҳрирдаги шаҳарсозлик реновацияси ҳамда суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришга оид қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонун билан ер участкалари компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан ҳамда шаҳарсозлик реновацияси амалга оширилиши натижасида компенсация сифатида бериладиган кўчмас мулк объектлари ва пул маблағлари солиқ солишда ҳисобга олинмайдиган даромадлар сифатида белгиланмоқда.

Объектларнинг эскирганлиги, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб, авария ҳолатига келиб қолгани ҳамда ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнинг мавжудлиги шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш учун асос ҳисобланади.
Реновация натижасида ҳар бир шаҳарда замонавий талабларга жавоб берадиган муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий инфратузилма яратилади, энергия самарадорлиги кўрсаткичлари яхшиланади.
Суғурта фаолиятига оид қонун эса соҳани янада ривожлантириш орқали суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган. Шу асосда электрон тижорат соҳаси такомиллаштирилади, электрон тижорат операторлари фаолияти устидан самарали назорат йўлга қўйилади.
Муҳокама қилинган масалалар бўйича қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА