Сенатда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ахбороти эшитилди
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.
Ўтган йилда мамлакат иқтисодиётида 43,1 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган режа 103 фоизга бажарилгани қайд этилди. 2024 йилга нисбатан 1,2 баробар ўсиш таъминланган.

Инвестициявий салоҳияти юқори ҳамкор давлатлар сифатида Хитой, Россия, Туркия, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари кўрсатиб ўтилди.
2026 йилда хорижий инвестициялар ўзлаштириш ҳажмини 50 миллиард долларгача ошириш ва 2,3 мингга яқин янги лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилгани маълум қилинди.
Сўзга чиққанлар тармоқлар кесимида юқори ўсиш суръатларига эришилаётганини алоҳида таъкидлади. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, тоғ-кон ва кимё саноати, рақамли технологиялар шулар жумласидан.

Мажлисда давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хусусий сектор улушини кенгайтириш, саноат тармоқларини чуқур қайта ишлашни кенгайтириш, маҳаллийлаштиришни кучайтириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда экспортни диверсификация қилиш зарурлиги таъкидланди.

Инвестицияларни жалб қилиш самарадорлигини янада ошириш, саноатни диверсификация қилиш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳокама якуни бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА