Реклама талабларини бузган табиб жавобгарликка тортилди
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ижтимоий тармоқларда “Қаҳрамон табиб” номи билан танилган фуқаро Қаҳрамон Сиражовнинг ўзига тегишли “@ kakhramon” номли саҳифасида биологик фаол қўшимчаларни қонунчиликда белгиланган талабларга зид равишда реклама қилгани маълум бўлди.
Хусусан, реклама таъсирини кучайтириш мақсадида биологик фаол қўшимчаларни нотўғри таққослаш, шу жумладан биологик фаол қўшимчасининг таъсир хусусияти бўрттириб кўрсатилгани ҳамда умумий тавсифи тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилмагани кузатилган.
Ўз навбатида, биологик фаол қўшимча рекламасининг бундай кўринишда бўлиши истеъмолчиларда уларни дори воситаси ва даволаш хусусиятига эгадек тасаввур уйғотади.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 35-моддасида овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламасига қўйилган бир қатор талаблар бор.
Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари реклама қилинганда дори воситаси эмаслиги тўғрисида огоҳлантириш бўлиши керак. Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади.
Юқоридаги аниқланган ҳолатлар юзасидан Қўмитанинг Махсус комиссиялари томонидан фуқаро Қаҳрамон Сиражовга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА