“Ташаббусли бюджет”да овоз тўплолмаган МТТ масаласи, 6 йиллик низо депутатлар эътиборида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ойдин Абдуллаева ва Елена Борисова Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги бир қатор ижтимоий объектлар ҳолатини ўрганди.
Жумладан, 459-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг жорий ҳолати кўздан кечирилди. Мазкур муассаса “Ташаббусли бюджет” доирасида канализация ва иситиш тизимини таъмирлаш лойиҳаси билан иштирок этган бўлса-да, етарли овоз тўплай олмагани сабабли ғолиб деб топилмаган.

Шу муносабат билан депутатлар ушбу лойиҳанинг долзарблиги ҳамда уни давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш имкониятларини ўрганди. Муассаса масъулларининг фикрлари тингланиб, масала юзасидан хулоса олиш мақсадида Янгиҳаёт тумани ҳокими билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида мазкур муассасада канализация ва иситиш тизимини таъмирлаш учун зарур маблағларни ажратиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
****
Яшнобод туманида фаолият юритувчи тадбиркор Бобур Абдужалилов жорий йилнинг 18 мартида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари номига мурожаат юборган эди. Мурожаатда "Ўрта масжид" МФЙ ҳудудидаги "Гумбаз" қурилиш материаллари савдо мажмуасида икки тадбиркор ўртасида 2020 йилдан буён давом этаётган низо баён қилинган.

Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Аъзамова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Севара Файзиева ҳамда Яшнобод туман Кенгаши депутатлари Иброҳим Расулов ва Алишер Каримовлар мазкур масалани жойида ўрганиш учун ҳудудда бўлди.
Ўрганиш давомида тадбиркор ушбу масала юзасидан тегишли идораларга бир неча марта мурожаат қилгани, аммо муаммо ҳанузгача ҳал этилмагани маълум бўлди. Депутатлар тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва мурожаатда кўрсатилган босим ҳолатларига чек қўйиш мақсадида барча тарафлар иштирокида жамоатчилик эшитуви ўтказишни таклиф қилди.
Эшитувни белгиланган муддатда юқори савияда ташкил этиш ва масъул идоралар иштирокини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар Яшнобод тумани ҳокимлиги зиммасига юклатилди. Масала депутатлар назоратига олиниб, низога қонуний ва адолатли ечим топиш бўйича ишлар давом эттириладиган бўлди.
М.Комилова,
ЎзА