Сенат: барқарор эпидемиологик вазиятни таъминлашда ҳамкорлик кучайтирилади
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталарининг йиғилишида барқарор эпидемиологик вазиятни таъминлаш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиш ва такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда дунёда эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда. Хусусан, ўта хавфли инфекциялар — ўлат, вабо ва куйдирги каби касалликлар, янги вирусли таҳдидлар глобал миқёсда жиддий хавф туғдирмоқда. Яқин ўтмишдаги COVID-19 пандемияси эса биологик хавфсизлик масалаларининг нақадар долзарб эканини яна бир бор намоён этди.

Мутахассислар томонидан келтирилган маълумотларга кўра, Марказий Осиё минтақасида табиий ўчоқли инфекциялар фаоллиги сақланиб қолмоқда. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ҳудудидаги табиий ўчоқлар, хусусан, Қизилқум ва Устюрт ҳудудлари алоҳида эътибор талаб қилади.
Шу муносабат билан эпидемиологик назоратни кучайтириш, тизимли мониторинг ва профилактика чораларини такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Шунингдек, биологик хавфсизликни таъминлашда давлат органлари ўртасидаги мувофиқлашган ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани қайд этилди. Хусусан, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардиянинг ўзаро мувофиқлашган ҳаракати мамлакат биохавфсизлиги тизимининг самарадорлигини таъминлаши алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Соғлиқни сақлаш, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура, Миллий гвардия, Фанлар академияси ҳамда бошқа қатор идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этган йиғилиш якунида фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида келгусидаги вазифалар белгиланди. Ўрганишнинг қўшимча ташкилий масалалари юзасидан ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА