Саноат хавфсизлигига оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида
“Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг ва потенциал хавфли объектларнинг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Мазкур лойиҳа доирасида депутатлар томонидан аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, хавфли объектларнинг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига таъсирини чуқур ўрганиш, аниқ ва амалий чора-тадбирларни белгилаш зарурлиги таъкидланди. Шу жиҳатдан қонун нормаларининг самарали ишлаши учун уларни аниқ механизмлар билан мустаҳкамлаш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди. Унда Кенгашлар ваколатларини аниқ белгилаш, жумладан, уларнинг қўшимча ваколатлари фақат қонун ҳужжатлари орқали тартибга солиниши назарда тутилмоқда.

М.Комилова, ЎзА