Санитария эпидемиологик осойишталикни таъминлаш муҳим
Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси олдидаги асосий вазифалар мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаш, касалликларнинг олдини олишда амалга оширилаётган профилактик ҳамда эпидемияга қарши тадбирларни тўғри йўлга қўйишдир.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида соҳага замонавий лаборатория ускуналари олиб кирилиб, ходимлар малакасини оширишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу нафақат иш самарадорлигини оширишга, балки ташхислар ишончлилигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
– Шифохонамизнинг лаборатория бўлими замонавий ускуналар билан жиҳозланган, – дейди Қашқадарё вилоят юқумли касалликлар шифохонаси врач-лаборанти Шаҳноза Абдураҳмонова. – Асосан Mindray BS-380 биокимёвий автомат анализаторимиз бир босқичда 49 та, бир соатда 380 та амалиёт бажаришга мўлжалланган. Унинг афзаллиги шундаки, таҳлил натижаларини сифатли ва ишончлилигини таъминлайди. Бундан ташқари, Японияда ишлаб чиқарилган Sysmex XN-550 автомат гематологик анализатор асосан қоннинг умумий таҳлилини чиқариб, таркибидаги 26 хил элементни кўрсатади.
Ҳар қандай касалликнинг ташхиси албатта ишончли лаборатория таҳлилларига боғлиқ ва беморнинг самарали даволанишига хизмат қилади. Шундай экан, лабораторияларни замонавий ускуналар билан тўлақонли таъминланиши аҳоли саломатлигига хавф солувчи унсурларни эрта аниқланишига ёрдам беради. Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Қашқадарё вилояти бошқармасининг Касби тумани бўлими Санитария гигиена лабораторияси врачи Тожиниса Жўраева яқинда фойдаланишга топширилган бино лабораториясига келтирилган янги ускуналар мисолида фикримизни тасдиқлаб ўтди.
– Йил бошидан фаолиятимизни янги бинода бошладик, – дейди врач-лаборант Тожинисо Жўраева. – Илгари эски бинода, ноқулай шароитда ишлардик. Лабораториямизга хорижий банклар маблағи эвазига 9 турдаги замонавий ускуналар берилган. Бу эса иш сифатини ошириб, аниқ ташхис қўйишимизда қўл келмоқда.
Умумий қиймати 5 миллиард 700 миллион сўм бўлган бошқарманинг Касби тумани бўлими ҳамда қиймати 5 миллиард 800 миллион сўм бўлган Кўкдала туман бўлимининг бинолари ҳам мазкур лойиҳалар асосида қад ростлаб, янги жиҳозлар билан таъминланмоқда.
Бутун дунёда кузатилган пандемия санитария-эпидемиология соҳасини моддий техник базасини мустаҳкамлаш зарур эканлигини кўрсатди. Юртимизда ҳам кадрларни замон талабларига мос равишда тайёрлаш мақсадида ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан қатор халқаро лойиҳалар имзоланиб, унинг ижроси доирасида тизим моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2022 йил 27 майда “Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Ўзбекистон Республикасида коронавирус COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” фармони ҳамда 2024 йил 5 сентябрдаги “Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида инфекцияларга қарши курашиш лойиҳасининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда унинг қошидаги барча муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича лойиҳа имзоланди.
[gallery-21657]
Тасдиқланган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 100 миллион АҚШ доллари Осиё тараққиёт банки, қолгани эса Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳиссасига тўғри келади.
Ушбу маблағлар эвазига 14 та юқумли касаллик шифохоналарига мўлжалланган умумий қиймати 2,6 миллион АҚШ долларига тенг жами 25 турдаги 242 та асбоб-ускуналар етказиб берилган.
Бундан ташқари, умумий қиймати 28,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган жами 60 турдаги асбоб-ускуналарга техник талаблар шакллантирилиб, харидлар якунланди ва етказиш жараёни олиб борилмоқда.
Албатта буларнинг барчаси ҳудудларда эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари