Самарқанддаги баҳс: ирода ва руҳий инқироз тўқнашуви
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 6-туридан ўрин олган “Динамо” – “Сўғдиёна” учрашуви (2:1) нафақат навбатдаги камбэк, балки икки жамоанинг бугунги ҳолати, руҳий тайёргарлиги ва тактик салоҳиятини очиб берган баҳс бўлди.
Учрашувнинг дастлабки қисмида ташаббус меҳмонлар томонида бўлди. Жиззахликлар майдонда мазмунли ўйин намойиш этиб, бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Аммо футболнинг ёзилмаган қоидаси — “урмаганга уришади” тамойили бу гал ҳам ўз сўзини айтди. Биринчи бўлимдаги самарасиз ҳужумлар меҳмонлар учун кейинчалик қимматга тушди.

Иккинчи бўлим бошида, аниқроғи 51-дақиқада Люпчо Дориевнинг маҳорати ва Ислом Қобиловнинг аниқ зарбаси эвазига “Сўғдиёна” олдинга чиқиб олди. Ўйинни назорат қилаётгандек кўринган меҳмонлар айнан голдан кейин хотиржамликка берилишдими ёки рақибнинг босими ошдими, ҳар ҳолда вазият кескин ўзгарди.

Ўйин тақдири 76 ва 78-дақиқалар оралиғида ҳал бўлди. “Динамо”нинг кетма-кет уюштирган икки ҳужуми Анваржон Ҳожимирзаев ва Фирдавс Абдураҳмоновнинг голлари билан якунланди. Бу икки дақиқа – учрашувнинг кульминацияси бўлди.

“Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бакаев таъкидлаганидек, жамоанинг қисқа вақт ичида “ўчиб қолгани” тизимли муаммолардан далолат беради. Бу ерда гап фақат тактикада эмас, балки босим остида психологик мувозанатни сақлай олмасликда. Икки дақиқа ичида икки гол ўтказиб юбориш – руҳий инқироз белгисидир.

“Динамо”нинг ғалабасида мураббийлар штабининг ўз вақтида амалга оширган ротациялари муҳим рол ўйнади. Захирадан майдонга тушган Ҳислат Ҳалилов ва Фирдавс Абдураҳмонов ўйинга янги нафас ва тезлик олиб кирди. Бу жамоада захира ўйинчиларининг сифати ва мураббийнинг вазиятни тўғри баҳолай олиши камбэкнинг асосий омили бўлганини кўрсатади.

Самарқанддаги баҳс ҳар икки жамоа учун жиддий хулосалар беради:
- “Динамо” — ҳар қандай оғир вазиятда характер кўрсата оладиган, охиригача курашадиган жамоага айланмоқда.
- “Сўғдиёна” — ўйинни назорат қилиш билан бирга, ҳимоядаги барқарорлик ва руҳий чидамлилик устида ишлаши зарур.
Мазкур учрашув яна бир бор исботладики, Суперлигада нафақат 90 дақиқа, балки ҳар бир сония ва ҳар бир вазият ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Футболда баъзан бутун ўйинни эмас, бир неча дақиқалик концентрацияни йўқотиш мағлубиятга олиб келади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА