Кучлилар сараланди
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида маҳаллалар ёшлари ўртасида “Шижоат ва ғайрат” шиори остида ҳарбий-спорт мусобақаси ташкил этилди. Жўшқин руҳ ва қизғин беллашувларга бой тарзда ўтган мазкур тадбир ёшларнинг жисмоний чиниқиши, ҳарбий тайёргарлигини ошириш ҳамда уларда Ватанга садоқат туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Белгиланган низом асосида ўтказилган мусобақада иштирокчилар бир қатор синовлар орқали ўз имкониятларини намоён этдилар. Хусусан, АК-74 автоматини қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш, 100 ҳамда 200 метр масофаларга югуриш, турникда тортилиш ва пресс машқлари бўйича ўтказилган беллашувлар ёшларнинг нафақат жисмоний, балки руҳий бардоши ва иродасини ҳам синовдан ўтказди.

Айниқса, ҳар бир шартда кучли рақобат ва интилувчанлик яққол намоён бўлиб, иштирокчилар ғалаба сари интилиш, жамоавийлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш фазилатларини намоён этдилар. Бу эса мусобақанинг тарбиявий аҳамиятини янада оширди.

Якуний натижаларга кўра, Иноқлик маҳалласи ёшлари барча шартларда юқори натижаларни қайд этиб, мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларга мос равишда Ибрат ва Юлдуз маҳаллалари жамоалари сазовор бўлди.


Ғолиб ва совриндор жамоалар Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, ғолиб жамоага мусобақанинг вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланма тақдим этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири