Самарқандда ёшлар фестивали тадбирлари бошланди
Ёшлар ойлиги муносабати билан Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида қарийб бир ойдан буён “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилаётган ёшлар фестивалининг асосий тадбирлари қадимий ва навқирон шаҳарда бошланди.
Тадбирлар Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий ҳайкаллари пойига гул қўйиш билан бошланди. Маросимларда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, вилоят фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Тўрт кун давом этадиган фестиваль дастурига кўра, бугун “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Street workout” ҳамда “Streetbol” мусобақаларининг республика финал босқичи ўтказилади. Кечқурун эса вилоят сектор раҳбарлари иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилиши режалаштирилган.
[gallery-7678]
Фестивалнинг биринчи куни “Мўъжиза” амфитеатрида ташкил этиладиган гала-концерт билан якунланади. 24-25 июнь кунлари эса вилоят ҳокимининг мактаб ва профессионал таълим муассасалари битирувчилар билан учрашувлари, мактаб битирувчилари ўртасида 14 фандан “Вилоят ҳокими олимпиадаси” ўтказиш, таниқли ижодкорлар иштирокида ижодий суҳбатлар, спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, ҳарбий техникалар кўргазмаси ўтказиш кўзда тутилган.
Фестивалнинг тўртинчи куни Самарқанд шаҳрида “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз” шиори остидаги “Янги нафас” югуриш марафони ўтказилади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА