Салоҳиятли раҳбарлар сараланмоқда
Жиззах вилоятида ҳудудларнинг бошқарув салоҳиятини кучайтиришга қаратилган муҳим жараён — салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш бўйича саралаш ишлари изчил давом этмоқда.
Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Жиззах вилояти филиали томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19-июндаги “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида номзодларни саралаш жараёни ташкил этилган.
Дастлабки саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган, туман ва шаҳар ҳокимликлари тавсияси асосида шакллантирилган 210 нафардан ортиқ номзод айни пайтда тест синовларида ўз билим ва салоҳиятини намоён этмоқда.
Тест жараёнида иштирокчиларнинг нафақат назарий билими, балки мантиқий ва таҳлилий фикрлаш қобилияти ҳам баҳоланмоқда. Шунингдек, номзодларнинг давлат бошқаруви ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид билимлари ҳам синовдан ўтказилмоқда.

Мазкур саралаш жараёнининг қамрови ва мақсади кенг. Зеро, Фармонга мувофиқ, маҳалла тизимида самарали фаолият юритиб, сўнгги икки йил давомида юқори натижаларга эришган маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари орасидан 1000 нафар салоҳиятли кадрлар захираси шакллантирилади.
Бу тизим, аввало, маҳалла даражасида амалий тажриба тўплаган, ташаббус кўрсатаётган ва натижадорлиги билан ажралиб турган кадрларни келгусидаги раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш учун янги имконият яратади.
Захирага киритилган номзодлар эса Бошқарув самарадорлиги агентлиги тавсияси асосида айрим раҳбарлик лавозимларига танловсиз тайинланиши мумкин.
Саралашнинг тест синовларидан кейинги муҳим босқичи — суҳбат жараёни. Унда номзодларнинг касбий компетенцияси, раҳбарлик қобилияти ва ташаббускорлиги билан бир қаторда, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиши ҳамда бошқарув кўникмаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шу тариқа, номзодларни баҳолашда фақат билим даражаси эмас, балки уларнинг раҳбарликка тайёрлиги, вазиятни таҳлил қила олиши, масъулиятли қарор қабул қилиши ва жамоани бошқариш салоҳияти ҳам асосий мезонлардан бири бўлади.
Саралаш жараёнлари якунлангач, белгиланган мезонлар асосида энг муносиб ва истиқболли номзодлар “Салоҳиятли кадрлар захираси”га тавсия этилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади ҳам ана шунда — ҳудудлар тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган, замонавий фикрлайдиган ва юқори бошқарув салоҳиятига эга раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш, уларнинг касбий ўсишини қўллаб-қувватлаш ва давлат бошқаруви тизими учун муносиб кадрлар салоҳиятини янада ошириш.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири