Хоразмда “Қовун сайли” давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Хоразм вилоятида миллий қадриятлар, деҳқончилик анъаналари ва юртнинг файзу баракасини намоён этувчи “Қовун сайли” тадбири қизғин давом этмоқда.
Анъанавий сайилда вилоятнинг турли ҳудудларида етиштирилган ширин ва хуштаъм қовунларнинг турли навлари кенг намойиш этилмоқда. Деҳқон ва фермерлар томонидан етиштирилган сара маҳсулотлар кўргазмаси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Сайилда қовун етиштиришнинг ўзига хос усуллари, деҳқончилик тажрибаси ва бу борадаги анъаналар ҳақида маълумотлар берилмоқда. Турли навдаги қовунларнинг таъми, хушбўйлиги ва ташқи кўриниши меҳмонларга Хоразм заминининг аграр салоҳиятини яна бир бор намоён этмоқда.
[gallery-30791]
Тадбир доирасида миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси ҳам ташкил этилган. Унда ҳунармандлар томонидан тайёрланган миллий буюмлар, безаклар ва амалий санъат намуналари намойиш этилмоқда.
Шунингдек, сайил меҳмонлари учун миллий таомлар кўргазмаси ва халқ ижодиёти намуналари тақдимоти ташкил этилган. Фольклор жамоаларининг чиқишлари, миллий урф-одат ва анъаналар акс этган саҳна кўринишлари тадбирга ўзига хос файз бағишламоқда.
“Қовун сайли” нафақат аҳоли ва меҳмонларга кўтаринки кайфият бағишлаётган маданий тадбир, балки Хоразмнинг қадимий деҳқончилик маданияти, қишлоқ хўжалиги салоҳияти ва миллий анъаналарини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Сайил давомида меҳмонлар қовунларнинг турли навларидан баҳраманд бўлиш, миллий таомлар ва ҳунармандчилик намуналари билан танишиш баробарида, Хоразмнинг ўзига хос маданий муҳитига гувоҳ бўлмоқда.
Беҳзод САИДОВ (сурат), ЎзА