“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвони таъсис этилмоқда
Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев коммунал хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Коммунал хўжалиги соҳаси мустақил тармоқ сифатида жадал ривожланаётганига қарамай, ушбу соҳада кўп йиллик самарали меҳнат қилиб келаётган ходимларни давлат даражасида рағбатлантириш тизимини замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш зарурати юзага келгани қайд этилди.
Қонун билан амалдаги “Ўзбекистон Республикасида коммунал, маиший ва савдо соҳасида хизмат кўрсатган ходим” фахрий унвони ўрнига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвон таъсис этилмоқда.

Қонунга мувофиқ мазкур фахрий унвон коммунал хўжалиги соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган, кўп йиллик самарали меҳнати, юксак касбий маҳорати, ташаббускорлиги ва фидокорлиги билан аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини оширишга алоҳида ҳисса қўшган ходимларга берилади.
Қонун билан янги фахрий унвон кўкрак нишонининг тавсифи ҳам тасдиқланмоқда. Унда коммунал хўжалиги соҳасининг ўзига хос хусусиятларини ифодаловчи рамзлар акс эттирилган бўлиб, бу давлат мукофотининг мазмун-моҳиятини янада бойитишга хизмат қилади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун коммунал хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган ходимларнинг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш ҳамда уларнинг касбий нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА