Ректорлар жанубдаги олий таълим муассасалари билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг келгуси устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берган топшириқларига мувофиқ Термиз давлат университетининг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги тажрибасини ўрганиш учун Термиз шаҳрига келган мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари ректорлари бир йўла Сурхондарё вилоятидаги олий таълим даргоҳлари билан ҳам танишди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори, академик Садриддин Туробжонов Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида бўлиб, олий таълим муассасасида талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар ва ўқув-илмий жараёнлари билан қизиқди.

Таниқли академик университетдаги “Сурхон геологияси” музейи, ахборот-ресурс маркази ва робототехника тўгарагини кўздан кечириб, моддий-техник базасини юқори баҳолади. Ёш ихтирочиларнинг ишланмалари ва кутубхонадаги рақамли имкониятлар алоҳида эътироф этилди.

Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқлари, жумладан, ишлаб чиқариш, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар соҳалари учун замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали мутахассислар тайёрламоқда. Айни пайтда университетда 50 дан ортиқ бакалавриат, қарийб 30 та магистратура йўналишида ўн бир мингга яқин талаба, магистрант, докторант ва мустақил тадқиқотчи таҳсил олмоқда. Уларга барча замонавий шароитлар яратилган ўқув даргоҳида 330 дан ортиқ профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Уларнинг 14 нафари фан доктори ва 126 нафари фан номзоди унвонига эга. Ўтган йил университетнинг илмий салоҳияти 41 фоизга етди. Жорий йилда илмий ва инновацион салоҳиятни 55 фоизга етказиш режалаштирилган. “Академик ҳаракатчанлик” дастури бўйича университет мамлакатимизда иккинчи ўринни эгаллаб келмоқда. 16 нафар ёш тадқиқотчи илмий-инновацион фаолияти учун ғолиб, деб топилиб, бу йўналишга 1 миллиард 173 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Дунёнинг 27 та давлати билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган университетнинг муҳандислик ва агротехнология соҳаларида дуал таълим тизими жорий этилган. Талабалар корхона ва агрокластерларда амалий тажриба орттириб, ўқиш даврининг ўзидаёқ касбий кўникмага эга бўлмоқда. Эндиликда олий таълим даргоҳи ҳузуридаги инженерлик стартап маркази ва ёш агроинноваторлар лабораторияси фаолиятини кучайтириш, “Талаба – стартапчи” модели асосида ғояларни тижоратлаштиришни йўлга қўйиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.


Университетда академик Садриддин Туробжонов билан талабалар учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Самимий мулоқот чоғида олим ўзининг ҳаёт йўли ва илмий фаолияти ҳақида атрофлича сўз юритди. Мамлакатимизда ёшларнинг ўқиб, ўрганиши ва изланиб, етук мутахассислар бўлиши учун яратилаётган замонавий шароитлар, уларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, рағбатлантиришга қаратилаётган юксак эътибор тўғрисида фикр алмашди. Талаба ёшларга қимматли вақтини қадрлаш, хорижий тилларни ўрганиш, замонавий муҳандислик кўникмаларини чуқур эгаллаш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири