Ҳайвонлар касалликларига қарши препаратлар ишлаб чиқаришда ҳамкорлик
Мамлакатимизда ҳар бир соҳада бўлгани каби чорвачилик ҳам ривож топиб бормоқда. Бунда халқаро ҳамкорликлар ҳам алоҳида аҳамият касб этаётгани айни ҳақиқат. Айниқса, дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат натижасида юртимиздаги ҳар бир давлат идораси мустақил равишда халқаро ҳамкорликларни йўлга қўйиш имконига эга.
Ана шундай имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти томонидан Хитой Халқ Республикасининг ҳайвонлар касалликларига қарши препаратларни ишлаб чиқарувчи компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида ҳайвонлар касалликларига қарши ветеринария препаратларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма инвестицион лойиҳани амалга ошириш ҳамда ушбу йўналишда кадрларни тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар Ветеринария илмий-тадқиқот институти базасида дастлабки пилот лойиҳани амалга ошириш ҳамда кейинчалик йирик ишлаб чиқариш комплексини ташкил этишга келишиб олди.
Мазкур ҳамкорлик соҳа ривожида сезиларли таъсир ўтказиши таъкидланиб, унинг кўлами кенгайиб боришига келишиб олинди.
Шербек Исломов, ЎзА