Ўзбекистонда чет давлатлар суди ва арбитражларининг ҳал қилув қарорлари қандай тан олинади?
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жамоатчилик билан алоқалар маркази бошлиғи Азиз Обидовнинг маълум қилишича, бу масала Ўзбекистон иқтисодий судлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Иқтисодий судларда бундай тоифадаги ишлар нисбатан кам кўрилаётган бўлса-да, улар мураккаб тоифадаги ишлар ҳисобланади. Чунки ушбу ишларни кўришда нафақат миллий қонунчилик, балки халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам мурожаат қилиш лозим.
Олий суднинг иқтисодий судлов ҳайъати томонидан 2022 - 2024 йилларда МДҲ иштирокчи-давлатлар иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриш амалиёти умумлаштирилди.
Республика иқтисодий судларига ушбу даврда 223 ариза ва илтимоснома келиб тушган. Шундан 69 таси қайтарилган, 1 тасини иш юритишга қабул қилиш рад этилган ва 153 таси иш юритишга қабул қилинган. Ўз навбатида, 153 аризадан 124 таси тўлиқ ва 2 таси қисман қаноатлантирилган.
Иқтисодий процессуал кодексининг 255-моддасида чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад этишнинг асослари кўрсатилган. Судлар бундай аризаларни рад этишда ушбу асосларнинг ҳар бирини иш ҳужжатлари асосида чуқур таҳлил қилиши, агар бу асослар ёки уларнинг бирортаси мавжуд бўлсагина, аризани рад этиши мумкин.
Кодекснинг 255-моддаси иккинчи қисмида чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам рад этилиши мумкинлиги қайд этилган.
Суд аризани қаноатлантириш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, ўз хулосасида фақат кодекс нормаларига таянибгина қолмайди. Балки, бунда, суд хулосаси халқаро шартномаларда белгиланган нормалар билан ҳам асослантирилиши лозим.
Айрим ҳолларда судда иштирок этаётган жавобгарлар чет давлатлар судлари ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари ноқонуний қабул қилинганлиги ҳақида важ келтириб, аризаларни рад этиш ҳақида ҳам фикр билдиради. Ёки аксинча, аризачининг ўзи бундай ҳал қилув қарорининг мазмунини ўзгартирган ҳолда ижро варақаси беришни сўрайди.
Ушбу ишларнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундан иборатки, иқтисодий суд ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас. Бундай норма Иқтисодий процессуал кодексининг 254-моддасида белгиланган.
Бу шуни англатадики, суд ишни кўришда чет давлат суди ёки арбитражи қайсидир моддий ҳуқуқ нормасини нотўғри қўллаган ҳолда қарор қабул қилган бўлса, ушбу қарорни мазмунан ҳам қайта кўриб чиқиш ёки низо мазмунанга баҳо бериш мумкин эмас.
Бундай низоларни кўриш жараёни суддан ишдаги муҳим ҳолатларни тўлиқ ўрганиш, тарафлар ўртасида тузилган шартномалар шартларига алоҳида эътибор билан қаратишни тақозо қилади.
Хулоса қилиб айтганда, чет давлат суди ва арбитражлари ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сифатли ва қонуний ижро этилиши давлатимизнинг халқаро шартномавий мажбуриятларига содиқлигини ҳамда суд тизимининг юқори профессионал даражасини намойиш этади.
Н.Абдураимова, ЎзА