Рақамли технологиялар асрида “яшил инқилоб”: Янги тажриба ШҲТ нигоҳида
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконида ўтказилаётган “Яшил ва барқарор ривожланиш” форуми доирасида Хитойнинг илғор технология корхоналари билан танишув дастури ҳам бор. Анжуманга таклиф этилган турли мамлакатлар делегациялари дастлаб “Hikvision Digital Technology Co., Ltd.” фаолияти билан яқиндан танишди.
2001 йил ташкил этилган мазкур корхона бугунги кунда сунъий интеллект, “ақлли” кузатув тизими ва чексиз маълумот (big data) соҳасидаги етакчи технология марказларидан бирига айланган. Даставвал видео технологияга ихтисослашган мазкур жамоа кейинчалик “IoT” – “моддият интернети” доирасида ўз имкониятини кенгайтириб, турли сенсор тизимлари орқали атроф-муҳитни изчил таҳлил қилиш йўналиши бўйлаб ривожланган.
Танишув давомида “AI+Spectrum” технологияси меҳмонлар эътиборини тортди. Бу инновацион ёндашув орқали ҳаво, сув ва ўсимлик ҳолатида юз берадиган ўзгариш модданинг спектрал “бармоқ изи” ёрдамида аниқланади. Натижада экологик мониторинг аниқ ва тез амалга ошади.
Шунингдек, “AI+Video” технологияси кўмагида қурилиш майдонидаги чанг миқдорини назорат қилиш, чиқинди ташиш жараёнини кузатиш, ҳавога кўтарилаётган зарарли газ миқдорини баҳолаш каби муҳим вазифалар автоматлаштирилган. “AI+Acoustic” ечими эса овоз манбасини аниқлаш орқали саноат ва шаҳар муҳитидаги шовқинни назорат қилади.
Корхона мутахассислари тақдим этган маълумотга кўра, “Hikvision” хроматография ва масс-спектрометрия каби ўта аниқ таҳлил технологиясини ҳам жорий этган. Натижада модда таркибини чуқур ўрганиш ва экология хавфини олдиндан аниқлаш самарадорлиги кескин оширилди.
Умуман, бу галги тадбир давомида ШҲТ мамлакатлари вакиллари рақамли технология ва СИ асосида “яшил ривожланиш”ни таъминлаш бўйича Хитой тажрибаси ҳақида муайян тасаввурга эга бўлишади.
Мусулмон Зиё, ЎзА